Ҳозирги вақтда кишилик жамиятидаги шиддатли ўзгаришлар инсонларни ўз оиласига эътиборлироқ бўлишни тақозо этмоқда.

Кўпчилигимиз аҳли оилам нафақаси учун кўчага чиқаяпман, ишлаяпман, ижтимоий фойдали меҳнат билан бандман, деб ўзимизга таскин бериб, оила аъзоларимиздан узоқлашиб кетаяётганимизни, қолаверса, кунлар кетидан, ойлар, йиллар ҳам бир зумда ўтиб, фарзандларимиз боғча, мактабни битириб вояга етиб қолганлигини  сезмай ҳам  қолаяпмиз.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло мўминни яхши кўради. Унинг оиласини ва фарзандини ҳам яхши кўради. Аллоҳ таолога энг севимли нарса кишининг аёли ва болалари билан дастурхон устида бирга еб ўтирганини кўришдир. Агар улар дастурхон устида йиғилсалар, уларга раҳмат назари билан қарайди ва жойларидан тарқалмасдан гуноҳларини кечиради”.

Энди  яшин тезлигида ўтиб бораётган ҳаётимизни таҳлил қилиб кўрайликчи, ҳафтада неча маротаба фарзандимиз билан бир дастурхонда бирга ўтирдик, уни шахсий қандай муаммолари бор экан, кундалик дафтаридаги баҳолари қандай, қайси фанларга ва спорт турига қизиқади. Дўстлари ким? Телефонда интернет орқали нималарга кўроқ қизимоқда, турли хил ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаяпти? Шуларни биламизми?     

Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Фарзандларни яхши кўриш дўзахдан пардадир. Улар билан бирга овқатланиш дўзахдан паноҳ топиш ва уларга икром кўрсатиш жаннатга ўтишга рухсатномадир”.

Шундай экан келинг оиламизга эътиборли бўлайлик. Ҳозирдан фарзандларимизнинг муаммо ва қизиқишларини ўрганиб, уларга ёрдам берайликки, келажакда жамиятга, Ватанига, элига, юртига хизмат қила оладиган етук шахслар бўлиб етишса ўзимиз ҳам ҳурсанд бўламиз. Яна афсус надомат ҳам чекмаймиз. Сир эмас фарзанд тарбияси масъулиятли вазифа. Жиноят йўлига кириб қолаётган ёшларни оиласини ўргансангиз, ота ишлаш учун сафарга кетган, бола эса онага қулоқ солмайди. Чунки, уни муаммоларини она ечиб бера олмайди. Натижада бола ўз муаммоларини ўзича ечишга интилади ва кетма-кет хатоларга йўл қўйиб, жиноят оламига қўшилиб қолади ёки тарбияси оғир болалар рўйхатидан жой олади. Мана шунинг учун ҳам қуйидаги ривоятда эътибор дастурхон атрофидаги йиғинга қаратилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Қайси мўмин фарзандлари билан овқат ейишни яхши кўрса Аршнинг тагидан ўнта фаришта: “Эй Аллоҳнинг бандаси, амалингни бошла, Аллоҳ гуноҳларингни кечирди”, деб нидо қилади” экан. Аллоҳ таоло билувчироқдир.

 Албатта, юқорида келтирилган ривоятлар замирида катта ҳикмат борлигини ақлли одам дарров англайди. Демак, “меҳр берган, меҳр кўради” экан.

 Аллоҳ таоло барчамизга оила аъзоларимиз билан доимо бирга бўлишимизни ва уларга меҳрли бўлишлигимизни муяссар айласин!

Искандар домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби