Ислом дини ҳар нарсадан аввал инсонни руҳий-маънавий ҳам жисмоний покликка даъват этади. Аллоҳ субханаҳу ва таоло Қуръони каримнинг бир неча ўринларида пок кишиларни хуш кўришлигини айтиб ўтган. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларида:

“Пок бўлинглар, зеро ислом покликдир”, – деганлар. Бошқа бир ҳадис шарифда эса:

“Поклик кишини имонга чақиради, имон эса ўз соҳиби билан жаннатда биргадир”, – деб марҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзи пок зот, покликни севади. Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳ пок зот, пок нарсани севади, озода зот озодаликни севади”. Шунинг учун  Исломда  ҳар бир ҳолатда пок бўлишликка эътибор қаратилади. Жумладан намоз ўқиш учун инсон таҳорат қилиб жисмини поклашлиги, яна кийим-бош, намоз ўқиладиган жой ҳам пок бўлишлиги керак. Булардан ташқари асосий инсоннинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки қалб инсон жасадининг подшоҳи, қолган аъзолар унга тобедир. Агар қалб пок бўлса бошқа аъзолар ҳам покликка интилади, агар у нопок бўлса бошқа аъзолардан нопок амаллар содир бўлади, дейилади ҳадиси шарифларда.

Қалб поклиги борасида Аллома Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи шундай мархамат қилганлар: “Киши зоҳирий нажосатлардан сақланиши, ундан узоқ юриши лозим. Аммо, ботиний нажосатлар ҳам борки,  улардан сақланиш ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, ботиний ифлосликлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, мараз каби қалб касалликлари жирканч махлуққа ўхшайди. Фаришталар қандай қилиб бундай маконда қўним топсинлар?!”

Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай мархамат қилдилар:     “Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир,  – дедилар”.

Қуръони карим оятларида Аллоҳ  таоло марҳамат қилади: “…Албатта Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади”.

Бу оятда моддий ва маънавий кирлардан покланувчилар Аллоҳ таолонинг суюкли бандалари эканлиги уқтирилмоқда. Гуноҳлар маънавий кирлар ҳисобланади. Ундан тавба ва истиғфор билан покланиш мумкин. Моддий кирлардан эса таҳорат ва ғусл билан тозаланилади.

Ҳудди шунингдек атроф-муҳитимизни тоза сақлашимиз ҳам шу оятдаги мақталган тозалик қаторига киради. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида шундай деганлар:

“Учта жойга: сув ўзанларига, йўлларнинг кесишган жойларига, соя-салқин ерларга ахлат ташлашдан сақланинглар (чунки, бундай жойларга ахлат ташлаган киши одамларнинг лаънатига мустаҳиқ бўлади)”.

Дунёдаги барча нарсалар инсон манфаати учун яратилган. Шунинг учун тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза тутиш ва уларни ифлослантирувчи ва зарар берувчи нарсалардан сақлаш динимизнинг амридир. Ҳозирги  кунларимизни ғанимат билиб ҳар биримиз атроф-муҳитни обод қилишга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар экиб, Ватанимизни янада кўкаламзор қилиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади. Биз  эккан кўчатлар ва ўсимликлар доимо Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб туради. Бунга Қуръони каримдаги жуда кўп оятлар далолат қилади. Жумладан: “Осмонлару ердаги барча нарсалар Малик, Қуддус, Азийз ва Хакийм бўлган Аллоҳга тасбеҳ айтадир”. (Жумъа сураси, 1-оят). Уларнинг айтган тасбеҳ ва зикрлари уларни эккан ва парвариш қилган кишиларнинг номаи аъмолига ёзилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам сўзимизни қувватлайди. Пайғамбаримиз алайҳис салом шундай марҳамат қилдилар: “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта, унинг учун бундан садақа ҳосил бўлур”.

Бундан ташқари Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам сувларни ифлослантиришни ҳам ман қилганлар. Жобир розяллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оқмайдиган кўлмак сувга бавл қилишдан қайтарганлар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сувга бавл қилишни таъқиқлашдан мақсадлари, сувни ифлослантиришнинг олдини олиш эди. Шунинг учун сувни ифлослантирувчи бошқа сабаблар ҳам (масалан, сувга ахлат ташлаш, супуриндиларни ташлаш, ёғлама, мағзаваларни ариқларга оқизиш) ҳам шу ҳадисга мувофиқ таъқиқланади.

Аллоҳ таоло ҳар бирларимизни қалбларимиз, жисмларимизни пок қилишликка ҳамда юртимизни покиза сақлашликка муваффақ айласин.

Искандар домла Ортиқов,

Олтинкул туман “Далварзин”

жоме  масжиди имом-хатиби