Дунё паст-баланд ва синовлардан иборатдир. Ҳар бир ишнинг ўзига яраша ҳикмати бор. Биз учун машаққат бўлиб кўринган ишларнинг аксари аслида бизнинг келажагимиз учун манфаатлидир. Биз эса ожизлигимиздан шошқалоқлик қиламиз. Чунки биз ишнинг оқибатини яхши билмаймиз. Бу хусуида Аллоҳ таоло:

وَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئاً وَهُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ وَعَسَى أَن تُحِبُّواْ شَيْئاً وَهُوَ شَرٌّ لَّكُمْ وَاللّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ

Яъни: “Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз”, – деб мархамат қилган. (Бақара сураси, 216)

Шу жумладан дунё халқларини ташвишга солиб қўйган коронавирус пандемиясида ҳам биз билмаган ҳикматлар бисёр. Биз Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан сўраймизки, бу ҳикматларни биз учун раҳмат қилсин.

Биз тақдирнинг яхшилигини ҳам, ёмонлигини ҳам Аллоҳдан эканлигига имон келтирганмиз. Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, тақдирнинг иши Аллоҳга ҳавола. Бизнинг ишимиз эса чора-тадбир кўришдир.

Айни дамда юртимиздаги карантин қоидаларига риоя қилиш ҳам имонимиз тақозоси ҳамдир. На ўзимизга зарар келишига, на бошқага зарар етишига йўл қўймаслик ҳар бир мўминнинг вазифасидир.

Умар разияллоҳу анҳу айтганларидек: “Бизлар Аллоҳнинг  тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочамиз”.

Барчаси ўткинчи, барчаси вақтинча. Карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда сабр қилиш зарурдир.

            Яратган Парвардигор бандаларига меҳрибон. Ўз хазинасидан неъмат берса-ю, банда шукр қилса – ажр, мусибат берса-ю, банда сабр қилса, бунда ҳам ажр бор. Аллоҳ таоло Қурони каримда мўминларни сабр қилишга чорлаб, сабрли бандаларга Ўз мукофотини ваъда қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اسْتَعِينُواْ بِالصَّبْرِ وَالصَّلاَةِ إِنَّ اللّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ * وَلاَ تَقُولُواْ لِمَنْ يُقْتَلُ فِي سَبيلِ اللّهِ أَمْوَاتٌ بَلْ أَحْيَاء وَلَكِن لاَّ تَشْعُرُونَ *  وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوفْ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الأَمَوَالِ وَالأنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ * الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُواْ إِنَّا لِلّهِ وَإِنَّـا إِلَيْهِ رَاجِعونَ * أُولَـئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَـئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ *

Яъни: Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир. Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмайсиз. Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир”. (Бақара сураси, 153-157 оятлар).

Биздан талаб қилинаётган нарса жуда ҳам машаққатли эмас. Оиласини ўйлаган, жамият осойишталигини ўйлаган ҳар қандай инсон бу тартиб-қоидаларга амал қилиши керак.

Кимки лоқайд бўлса, бепарво бўлса, у одам карантин қоидаларига риоя қилмаса, демак у кимса бутун жамият учун зараркунандадир.

Карантин қоидаларига риоя қилинг!

 

Шаҳобиддин домла Парпиев,

Асака туман бош имом хатиби