Карантин қоидаларга амал қилиш – инсонийлик бурчидир

393

Дунё тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келган, кўпни кўрган халқимиз дуога қўл очар экан, доимо Яратгандан тинчлик, хотиржамлик ва офиятни сўраши қон-қонимизга сингиб кетган. Бир қарашда оддийгина кўринган бу сўзлар замирида одамни икки дунё саодатига етакловчи куч борлигини ҳар доим ҳам ҳис қилавермаймиз.

Бугун бутун дунё узра ёғилган коронавирус балоси кўпчиликни сергак тортишга, елдек ўтиб бораётган умрини бир сарҳисоб қилишга, яшаш қайғусидан бош кўтариб, “инсон нима учун яратилган?” деган саволга жавоб қидиришга мажбур қилаётгани айни ҳақиқатдир.

Айтиш керакки, бу ҳам бир синов, унинг ҳам ўзига хос ҳикмати бор. Ҳикматларидан бири шуки, дунёда минглаб одамлар ёстиғини қуритаётган коронавирус балоси бизга тинчлик, хотиржамлик, саломатлик ва офият каби неъматларнинг ҳақиқий қийматини, қадрини англатди.

Албатта, юртимизда ушбу инфекция тарқалишини олдини олиш, унга қарши курашишда давлатимиз раҳбарияти томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шунга қарамай, касалланаётган сони ортиб бормоқда, дастлабки қурбонлар ҳам. Бу касалликдан ҳимояланиш тадбирларини қилсакда, коронавирус бизга зиён етказса, биз буни тақдири азал, Яратганнинг синови, деб қабул қилишимиз керак. Талваса ва вахимага берилиш ҳеч кимга фойда келтирмайди.

Карантин даврида қўйилган чекловларга бўйсуниб, қонун-қоидаларга амал қилиш, энг аввало, инсонийлик бурчимиздир.

Халқимиз эътиқод қиладиган Ислом дини инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида саломатликка катта эътибор қаратадиган диндир. Динимизда ҳар қандай арконга киришишдан олдин таҳорат олиш фарз қилингани ҳам бежиз эмас, албатта. Зотан, таҳоратнинг ўзи ҳам буюк ибодатдир. Таҳорат – ўзбек тилида покланиш, озодалик каби маъноларни беради. Поклик ва озодалик эса саломатлик гарови экани кўп бор ўз тасдиғини. Ҳазрати Бухорий ва Термизий ривоят қилган муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саломатлик ва хотиржамлик буюк неъмат эканини таъкидлаганлар.

Хўш, ҳозирги мураккаб вазиятда биз нима қилишимиз керак?

Энг аввало, бутун дунё аҳли коронавирус балосига қарши курашаётган бир пайтда ҳар бир инсон ўзини, оиласини муҳофаза қилиш орқали ушбу балони даф қилишга ҳиссасини қўшмоғи шарт. Ўзини муҳофаза қилиш йўли эса ҳар куни бир неча бор оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда ва қатор бошқа усулларда тушунтирилмоқда. Биздан шу кўрсатмаларга амал қилиш талаб этилади холос.

Шунингдек, бундай пайтда Яратганга ибодатни кучайтириш, ўзи, оиласи, халқи, ватанини бало-офатлардан омонликда сақлашини сўраб, дуо қилиши, истиғфорни кўпайтириши лозим. Зотан, бугун халқимиз миллионлаб истиғфор айтаётгани, ибодатда қоимлиги, муҳтожларга меҳр-шавфат кўрсатаётгани, садақа-эҳсонни кўпайтираётгани қалбимизга хотиржамлик индирмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло “Раъд” сурасининг 28-29 оятларида шундай марҳамат қилади: “Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур! Иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганларга тубо – хушнудлик ва гўзал қайтар жой бор.”

Ҳа, халқимизнинг аксарияти вазиятни тўғри англаган ва баҳолаган ҳолда Аллоҳдан нажот кутмоқда. Лекин, шу билан бир қаторда карантин чекловларини тан олгиси келмаётган, тартиб-қоидаларга бўйсунишни истамаётган, гоҳ эркалик, гоҳ қайсирлик қилаётган ҳамюртларимиз ҳам йўқ эмас. Улар нафақат ўзини, балки оиласини, яқинларини, атрофидаги одамларни хавфга қўймоқдалар.

Албатта, башарият бошига бундай синовларнинг берилиши тарихда кўп бора кузатилган. Бугунги муаммолар ҳам вақти келиб бартараф этилади. Бугунги ҳолатимиздан тегишли хулосаларни чиқарган ҳолда, тинчлик, хотиржамлик, офият ва саломатликни қадрига етишни ўрганайлик, яшаш фақат нафс амри ва жиғилдон истагини муҳайё қилишдан иборат эмаслигини тан олайлик.

Отабек домла Хусанов

Олтинкўл тумани

“Жалабек ота” жоме масжиди имом-хатиби