Ибодатлар уч турли бўлади. Баданий, молиявий ва баданий ҳам молиявий. Закот эса, молиявий ибодат турига кириб, иккинчи ҳижрий йили, Мадинаи мунавварада Рамазон ойидан олдин фарз қилинган. “Закот” арабий сўз бўлиб, луғатда “барака”, “ўсиш” ва “поклик” маъноларини билдиради. Закот, ушбу луғавий маънолар билан узвий боғлиқ бўлиб, дарҳақиқат закот берган кишининг моли-дунёси покланади ҳамда Аллоҳ таоло унга барака беради ва баракотли моли-дунёси эса кўпайиб, униб ўсади. Қуръони каримда “Закот” сўзи, намоз билан ёнма-ён 27 ўринда зикр қилинган. Шундан маълум бўладики, закот ҳам намоз сингари жуда муҳим ибодат. Унинг фарз бўлиши Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила собит бўлгандир. Бу ҳақда фиқҳий китобларимизда батафсил баён қилинган. Ҳозирги кун одамига, унинг кимга фарз бўлиши, қачон фарз бўлиши, қанча фарз бўлиши сир эмас. Мақсад, баъзи бир мулоҳазаларга эътибор қаратишдир.
    Мулоҳазалардан бири шуки, Аллоҳ таолонинг барча амру-фармонлари, икки мақсадни назарда тутади. Аллоҳ таолони улуғлашлик ҳамда бандаларга раҳм-шавқат кўрсатишликдир. Масалан: “Бақара” сурасинг 43-оятида, Аллоҳ таоло: “Намозни тўкис адо қилинг ва закотни беринг”, деб марҳамат қилади. Намоз ўқишлик Аллоҳ таолони улуғлаш бўлса, закот беришлик эса бандаларига раҳм-шавқат кўрсатиш ҳисобланади. “Луқмон” сурасининг 14-оятида “Менга ва ота-онанга шукр қилгин”- деб марҳамат қилинади. Ўзига шукр қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш бўлса, ота-онага шукр қилишлик раҳм-шавқатнинг изҳоридир. Шунга ўхшаш яна, кўплаб икки ҳил мақсад кўзланган бошқа оятларни ҳам учратишимиз мумкин. Ҳа азизлар, Аллоҳнинг ҳаққи нақадар муҳим бўлса, бандалар ҳаққи ҳам шунчалик муҳим экан, раҳм-шавқат изҳори бўлган закот ва эҳсонларимизни, “Тенглик, ҳамдардлик” ойи бўлган хайр-саҳоват ойида, имкон борича бериб қолайлик.
    Мулоҳазалардан яна бири, агар холис эҳсон ва садақотлар қилсак унинг ажру-савоби 700 баробар, балки унданда зиёда бўлиши мумкин. Бу ойда эса, қиладиган амалларимизнинг ажру-савоблари яна ҳам кўпаяди. Ихтиёрий нафл ибодатларга фарз даражасида, бир фарз ибодатига, баданий ёки молиявий бўлсин бошқа ойлардаги 70 та фарз ибодати баробарида ажру-савоб берилади. Тасаввур қилинг, савоби 700 баробар зиёда бўладиган ихтиёрий эҳсонимиз, Рамазон ойида фарз даражасида савоб берилса, бошқа ойларда 700 баробар зиёда бўладиган закотимиз, бу ойда ажри яна 70 баробар кўпайса, бу қандай улуғ бир имконият. Савобларни кўпайишини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бежиз, бу ойни “Умматимнинг ойи”, деб айтмаганлар. Дарҳақиқат, Рамазон ойининг ушбу имкониятларидан ва унинг баракотидан фойдаланиб қолишимиз барчамиз учун ғаниматдир.
    Мулоҳазалардан яна бири, закот ва шу каби ибодатларнинг васила эканлигидир. Ибодатлардан кўзланган асосий ғоя, аввало, Аллоҳ таолонинг розилиги ҳамда қалб поклиги ва мусаффолигидир. Намоз, рўза, закот ва бошқа ибодатлар, шу қатори гуноҳлардан тийилиш ҳам, барчаси Аллоҳ таолонинг розилигини топиш йўлидаги воситадир. Албатта, ушбу воситаларсиз, биз Аллоҳ таолонинг розилигини топа олмаймиз. Аммо, намоз, рўза, закот каби ибодатларни асосий ғоя қилиб олмаслигимиз, балки Унинг розилигини топиш йўлидаги бир йўл, васила эканлигини унутмаслигимиз лозим. Оддий қилиб айтганда, ушбу хайрли амалларни, барчасини, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун, ихлос ва муҳаббат билан адо қилар эканмиз. Инша Аллоҳ шунда, “Уни рози қиламан”, деб қилаётган амалларимиз зое кетмайди.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг розилиги топиш йўлида, кўплаб савобли ишларни амалга оширишимизни насиб қилсин. Бу ойнинг баракотидан барчамизни баҳраманд айласин.

Олимжон домла Рахимов

Андижон шахар “Ал- Бухорий” жомеъ масжиди имом хатиби