Қуръони карим ва хадиси шарифда айтилганидек, еб-ичиш гуноҳ эмас, балки ҳаддан ошиш-исроф гуноҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай деганлар: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик, хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”. Демак, исрофдан холи бўлса, тўйгунча еб-ичиши мубоҳ, тўйгандан сўнг исроф бўлади. (Меҳмон келиб қолгандаги ҳолат бундан мустасно.) Дарҳақиқат, ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига мана шу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Овқатланиш тартиби бузилганидан ҳам, турли ҳил касалликлар пайдо бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Замонавий тиббиёт ҳам, табобат ҳам буни тасдиқлайди. Динимиз бизларга таомланиш билан боғлиқ бир-қанча кўрсатмалар берган.
    Жумладан, Маъдийкараб ал-Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига белини тутиб туриши учун бир неча луқмалар кифоя қилади. Агар иложи бўлмаса, учдан бири таоми учун, учдан бири ичимлиги учун ва учдан бири нафас олиши учун бўлсин”, деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда баён қилинган таомланиш услуби инсон саломатлигига фойдаси кўп бўлган беназир мезондир. Ҳикоя қилинадики, қадимда Ардашер Бобокон исмли Сосонийларнинг подшоҳи бўлган экан. Ардашер Бобокон бир араб ҳакимидан: “Бир кунда қанча овқат ейиш керак?” деб сўрабди. Ҳаким жавоб берибти: “Юз дирҳам оғирлигича ейиш кифоя!” Ардашер: “Бу овқат қанча қувват беради?” деб сўрабди. Ҳаким жавоб берибди: “Шу миқдор овқат есанг, у сени оёқда кўтаради, ортиқ есанг, сен у овқатни кўтарасан”.

Емак лозим яшамоқ, сўйламакка,
Сен ўйлайсан, ҳаёт керак емакка.

    Докторларимиз айтишича, “ҳадисда айтилгандек, ошқозонни учга тақсим қилишлик бадан ва юрак учун фойдали. Чунки қорин таом билан тўлса, ичимликни сиғдирмайди. Шу ҳолатда суюқлик ичса, унинг оғирлиги сабабли нафас олишга қийналиб, оғир юк кўтарган киши каби чарчайди ва машаққат чекади. Ҳолат шундай давом этаверса, натижада юрак фаолияти бузилади, аъзолар тоатларни бажаришга дангасалик қилади. Қориннинг доим ёки кўп ҳолларда таом билан тўла бўлиши бадан ва юрак учун зарардир”.
    Агар, инсон овқатланишда ўртача бўлса, тананинг ундан олган фойдаси, ортиқча еганникидан кўра кўпроқ бўлади.
Хулоса шуки, мўмин мусулмонлар ўз динларига амал қилиб, қоринга қул бўлмай иш юритганларида дунёнинг пешқадами бўлдилар. Аждодларимиз эса бунга ёрқин мисол бўла оладилар. Аста-секин мўминлар Аллоҳ таолонинг динидан узоқлашиб, керагидан ортиқ таом ейдиган, исроф қиладиган бўлганларида, ишлари тескарисига кета бошлади. Агар, мўмин мусулмонлар қоринларига банда бўлишни йиғиштирсалар, аждодлар йўлидан юриб динимиз таълимотига амал қилсалар яна аждодларимиздек, барча соҳада пешқадам бўладилар.

Олимжон домла Рахимов

Андижон шахар «Ал- Бухорий» жомеъ масжиди имом хатиби