Инсоннинг нафас олиб, нафас чиқаришига эътибор берса, вақтнинг ўтиб бораётганини сезади. Демак, инсоннинг умри қисқа вақтлардан ташкил топган экан.  Вақтнинг ҳар бир сонияси ғанимат! Қиёматда сўраладиган энг аввалги нарсалардан бири ҳам вақтдир. Шунинг учун кексаларимиз “…вақтинг кетди – нақдинг кетди”, деб бежиз айтишмаган. Улуғларимиз ҳам: “Эй одам фарзанди, сен вақтлардан иборатсан, агар бир кунинг бекор ўтса, сенинг бир қисминг кетибди”, деган. Дангасанинг омади чопмаслиги, унинг эринчоқлигидадир. Баъзан саъй-ҳаракатни тўғри тақсимлаш қанчадан-қанча инсонлар ҳаётини бахту-омадга тўлдиради. Аксинча, айрим кишиларнинг ғайратининг сўниши, уни танбалликка элтади. Бекорчилик кўпайгани сайин дангасалик кучаяди. Инсон доим ҳаракатда бўлса, дангасаликдан асар ҳам қолмайди.

Масъулият, жиддият, журъат, ҳаракат бир-бирига боғлиқ. Улардан бири инсонда топилса, бошқа учтаси ҳам топилади. Барча улуғ зотлар ўз вазифаларига ўта жиддий ва катта масъулият билан ёндошишган, бутун диққатларини шу ишларига қаратишган. Ер юзини обод қилиш одам фарзандининг азалий бурчидир.

Дунё ҳаётида яхши яшаш учун муомала, ҳалол меҳнат, тирикчилик билан умр ўтказиш керак. Албатта, шундай гўзал амаллар Аллоҳ таолонинг розилигини топишга сабаб бўлади. Жумладан, Қуръони каримда ҳам: «Бас қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли  (ризқи) дан истайверингиз.  Аллоҳни кўп ёд этингиз!  Шояд  (шунда) нажот топсангиз» (Жумъа, 10), деб таъкидланган. Меҳнат қилиш, касб-ҳунар  ўрганиш ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани яхши кўради». Касб-кор ва ҳунар эса инсонни камолот сари етаклайди.

Бугун ёшларнинг аксарияти бекорчилик оқибатида хулқи бузилиб, вақтини исроф қилмоқда. Бежизга: «Бекорчидан Худо безор» дейилмаган. Кўп ҳолларда ёшлар интернетдан кўнгилочар восита сифатида фойдаланиб, эрта-ю кеч ғанимат вақтини бесамар ва беҳуда сарф қилмоқда. Афсуски, турли ижтимоий тармоқлар бузғунчилик, ҳаёсизлик, лоқайдликка тарғиб қилади. У ёшлар тафаккурини заифлаштириб, онгини бузуқ ғоялар билан заҳарлайди.Телефон хотирасидаги турли видеолавҳалар, интернет орқали намойиш этилаётган ҳар хил маълумотлар ёшларни манқуртликка етаклаяпти. Бундай ҳолатлар  йигит-қизларни охир-оқибат шармандаликка, оғир гуноҳ содир этишига сабаб бўляпти. Ахир умр, вақт, ёшлик ва соғлик неъматлари ғанимат эмасми?

Бекорчи одам орзу-умидларининг ҳаёлида яшайди. Бундай кишилар ҳеч қачон ҳаётда ўз истагига эриша олмаган. Шундай экан бу иллатнинг давоси инсон қалбини поклаши билан бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир”, дедилар”. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар)

Демак, инсон бекорчиликдан сақланиши учун бутун аъзоларини соғлом бўлишига сабабчи бўлган қалбини соғлом қилиши жуда ҳам муҳим экан. Шу боис ҳам ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): «Нафсингни фойдали нарсалар билан машғул қил, акс ҳолда уни зарарли нарсалар эгаллаб олади», деб огоҳлантирганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Кучли мўмин  кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга маҳбуброқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Сенга фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлгин ва (ишингда) Аллоҳдан ёрдам сўрагин, лекин ҳаргиз ожизланмагин!» (Имом Муслим, имом Аҳмад ва Ибн Можа). Ушбу ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мўминларни фойда ва манфаат келтирадиган ишларда Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда фаол, ғайратли ва пешқадам бўлишга тарғиб қилганлар, ожизланиш ва бекорчиликдан қайтарганлар.

Отабек домла Хусанов,

Олтинкўл тумани

“Жалабек ота”жоме масжиди имом хатиби