Инсоният яшаш давомида ўзининг эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Мақсади эзгулик бўлган инсоннинг орзу-умидларини амалга ошириши учун эса энг катта таянч – тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Одатда “тинчлик” сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тарзини бир меъёрида бўлишлигини ифода этади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам бўлади. Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир.

Унинг қадрига шукроналик билан етилади. Тинчлик – энг катта неъмат. Унинг қадрига етиш, асраб авайлаш ҳар бир Мусулмон кишининг зиммасидаги бурч бўлиш билан бирга, пайғамбар алайҳимуссаломларнинг суннатидир.

Манбааларда “икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”, дейилган.

Ҳар бир инсон яшаши, Аллоҳга хотиржам ибодат қилиши, ишлаши учун тинчлик даркор.

Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон каби зимистон. Қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлари, боғ-роғлари бўлмасин уларнинг ҳеч биридан манфаат ололмайди.

Тарихда тинчликни бузилишига аксар ҳолларда жамиятни диёнатдан узоқлашганлиги, маънавиятга эътиборсиз қаралганлиги сабаб бўлгани кузатилади. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида бугун барчаларимиз жипслашиб, ёш авлодни юксак манавиятли, дину-диёнатли, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаб боришимиз зарур.

Шу маънода халқимиз динимиз ақидасига сидқидилдан амал қилиб келаётгани туфайли, Аллоҳ таолони неъмати бўлмиш юртимизда ҳукм сураётган хотиржамлик, осойишталикни кўрамиз. Ҳозирга кунда аксари мусулмон бўлган жамиятимиз барча аъзолари ўзининг дини кўрсатмаларига астойдил амал қилса кўплаб жиноятчиликнинг олди олинади, инсонлар ўзаро аҳилликда ҳаёт кечириб боради. Бу эса, албатта, юртимиз тинчлиги мустаҳкамлайди.

Тинчликни сақлайдиган омиллардан яна бири – тўғри тафаккур. Зеро, тўғри фикрлаш барчани ҳар хил бузуқ эътиқодлардан, нотўғри йўлларга кириб қолишдан асрайди. Одамлар орасида фаҳш, ёмон иллатлар, бегона ёт ғоялар тарқалишини олдини олади.

Хулоса қилиб айтганда, Юртбошимиз таъкидлаганидек, ўзбек халқининг “бошқаларга ҳеч ўхшамайдиган минг йиллар давомида шаклланган, нафақат ўзаро муомала, балки ҳаётимизнинг узвий бир қисми сифатида намоён бўладиган бир қатор ўзига хос хусусиятлари, бағрикенглиги, меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шавқат каби фазилатлар билан йўғирилган дин-диёнати, маънавияти юксак даражада экан, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ”. Инша Аллоҳ.

Баҳодиржон домла Асқаров

Олтинкўл тумани “Аълам” жоме масжиди  имом-хатиби