Болалар бизнинг келажагимиз, бошлаган эзгу ишларимизнинг давомчилари, кўзимизнинг нури,  қалбимиз сурури. Улар билан ҳаётимиз обод, кўнглимиз чароғон. Шу сабабли ҳам болаларимиз бахтли бўлишлари учун ҳамма нарсамизни беришга тайёрмиз.

Деҳқон мевали дарахт экар экан, унинг ҳосилидан умидвор бўлган ҳолда кўчат ўтқазади. Кейин уни парвариш қилади. Керакли озуқа билан таъминлайди, сув ва ўғитларидан тинимсиз хабар олиб туради.

Энг муҳими – унга меҳр беради. Чунки ҳар бир ишда меҳр бўлмас экан, кўзланган мурод ҳосил бўлмайди.

Деҳқон қунт билан йиллар давомида сабр билан ҳосилни кутади. Шу жойда деҳқоннинг улуғлик сифатлари намоён бўлади – у йиллар давомида тер тўкиб, меҳр бериб, қунт қилиб, қалб қўрини ўтказиб кўчат парвариш қилиб кутган ҳосилини бир ўзи емайди. Балки халқ билан баҳам кўради.

Халққа меванинг сараларини тақдим қилар экан, унга қандай баҳо беришларини кутади.

Деҳқоннинг кўчатлари кўп. Кўчатлар ичра энг муҳими – фарзанд.

Фарзанд Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги энг улуғидир. У дунё  ҳаётининг зийнатидир. Шу билан бу улуғ неъмат Аллоҳ таоло томонидан берилган омонат ҳамдир.

Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар бунинг қадрига етмоқлари, бунга шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари лозим. Яъни унга чиройли исм қўйишлик, яхши таълим-тарбия беришлик ва охир оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғлон, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос билан адо этишлик шундай масъулиятли ва шарафли вазифалардандир.

Деҳқон кўчат сирларини билиши нечоғли зарур бўлса, ҳар бир ота-она фарзанд тарбияси усулларини яхши ўрганишлари вожибдир. Акс ҳолда “мева” кўзланган ҳосилни бермайди. Балки юрт учун, Ватан учун, келажак учун кони зарар бўлиши ҳеч гап эмас.

Бугун биз қўйнимизда табия қилаётган нав-ниҳолларимиз эртага юртга, халққа ва Ватанга хиёнаткор бўлмаслиги, минглаб инсонларнинг ёстиқларини қуритмаслиги учун ҳар сохада ҳушёр бўлишга мажбурмиз. Бу мажбурият юки бутун жамиятнинг зиммасида бўлса-да, ота ва онада яна ҳам чандон зиёдадир.

Биз билишимиз керак бўлган вазифаларимиздан бири ва асосийроғи боланинг ҳуқуқларидир.

Шаҳобиддин домла Парпиев,

Асака туман бош имом хатиби