Аллоҳ таоло барча махлуқотлари ичида инсонни энг азиз, мукаррам ва афзал суратда яратди.Унга Ердаги жуда кўп нарсаларни бўйсиндириб, саноғига етиб бўлмас неъматларини берган. Бунинг эвазига инсонларни илоҳий амрларни бажаришга, қайтарганларидан четда бўлишга ва ўзи буюрганидек турмуш кечиришга амр қилган.

          Ислом дини кўрсатмалари инсонни доимо барча ёмонликлардан сақланиб, илоҳий амрларни адо қилиш, жамият ва дин манфаати йўлида яхши амаллар қилишга, виждонли, мустаҳкам иродали, жисми соғлом, гўзал хулқли, дин ва жамиятга манфаат келтиришга ва фақат покиза нарсалар истеъмол қилишга чорлайди.

          Лекин, минг афсуслар бўлсинки бугунги кунда айрим инсонлар ўз нафслари домига тушиб, ўткинчи ҳою ­­– ҳавасларни деб гиёҳвандлик йўлига кириб кетмоқдалар. Ҳозирги вақтда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган машъум иллатлардан бўлиб, “аср вабоси” деб ном олган.

          Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволидир. Аллоҳ таоло бандларини огоҳ қилиб “… ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” дейди. Имом Олусий “ушбу оятдан ўлимга сабаб бўладиган нарсага бормаслик чиқади” деганлар.

Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча моддий ва маънавий, диний ва дунёвий зарарлар мавжуд бўлиб, улар:

  • У инсон тафаккурини ўтмаслаштиради. Натижада фойда ва зарар ҳақида фикр юритмай қўяди.
  • Тананинг турли касалликларга чидамлилик хусусиятини йўқотади.
  • Бош, юрак, сил, истисқо ва бошқа касалликларни юзага келтириб чиқаради.
  • Хотирани сусайтиради. Бунинг натижасида эса инсон бор ўқиб, билиб, эшитиб, кўрган насасини унутадиган даражага боради.
  • Ибодатдан тўсади. Бандалигини унутиб, Аллоҳни эсдан чиқаради.
  • Шарму ­– ҳаёни кетказади. Шарму ­– ҳаё кетса инсон кўнгли нимани тусаб қолса албатта ўша нарсани қандай йўл билан бўлса ҳам амалга оширишга уринади ва ниятига эришади.
  • Инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз ва жинсий заиф қилиб қўяди.
  • Кўзни хиралаштириб, тишларни тўкиб юборади.

Фатво китобларида келишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижоратидан келадиган фойда ҳам ҳаром саналади”.

         Ҳозирда гиёҳвандлик ва уни кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида дунё ҳамжамиятида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилинаётган маълумотларга қараганда жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган жиноятлар сони йилдан – йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам гиёвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

         Давлатимиз томонидан юритилаётган оқилона сиёсат фуқаролар жамиятининг ҳар томонлама комил, соғлом, олийжаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажраб турадиган намунали жамият бўлашига қаратилган. Мана шу халқчил сиёсатга асосланган ҳукуматимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлигига, маънавиятига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг тушунтирилмоқда..

         Аллоҳ таоло инсонларни ўз жонига қасд қилмасликка, шунингдек, ўзгаларнинг ҳам қонларини ноҳақ тўкмасликка буюрган. Гиёҳвандлик эса охир – оқибат ўлимга олиб келадиган нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига қасд қилиш бўлади.

         Гиёҳвандликка сарф этиладиган харажатлар шахсга ҳам, жамиятга ҳам иқтисодий зарар келтириши билан бениҳоя исрофгарчилик ҳисобланади. Исроф эса динимиз кўрсатмаларига мувофиқ ҳаром ҳисобланади.

         Гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари фақат шахс ёки жамиятгагина эмас, балки бориб бориб бутун бир мамлакат соғлиги ва барқарорлигига жиддий зарар етиши мумкин.

         Сарвари коинот Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) ҳадислридан бирида ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлигини таъкидлаганлар. Зеро, жисм, тана аъзолари саломат бўлиши ва уларни турли зарарли одатларлардан, касалликлардан сақлаш ҳар бир кишининг муҳим бурчи ҳисобланади. Янгидан янги дори дармонлар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва сифати, шифокорлар савияси ва тиббий техника сифати қанчалик яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги хусусида қайғурмаса кутилган натижага эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир.

Нурилло домла Бойматов

Андижон тумани “Файзибой хожи”

жоме масжиди имом-хатиби