Масжид мўмин – мусилмонларнинг Аллоҳ таолога ибодат қилиш учунгина бино қилинадиган улуғ жойлардир. Шунинг учун ҳам шариатимизда масжидни “Байтуллоҳ” яъни, Аллоҳнинг уйи деб айтилади. Шу нуқтаи назардан масжидларнинг бошқа иншоотларга нисбатан ўзига хос ҳурмати бор.

Масжиднинг ободлиги шу жойда ибодат қилувчи инсонлар билан бўлади. Масжидда жамоатнинг кўплиги масжиднинг ободлигига далолат қилади.

Масжидни обод қилувчилар ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда Шундай марҳамат қилади:

إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللّهِ مَنْ آمَنَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَأَقَامَ الصَّلاَةَ وَآتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلاَّ اللّهَ فَعَسَى أُوْلَـئِكَ أَن يَكُونُواْ مِنَ الْمُهْتَدِينَ

Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба, 18-оят).

Уламоларнинг таъкидлашларича, ободлик икки турдан иборат бўлар экан: ҳиссий – уни қуриш, тузатиш, тозалаш, таъмирлаш, вайрон этишдан сақлаб қолиш; маънавий – намоз ўқиш, зикрда бўлиш, дуо қилиш, улуғлаш ва ибодат учун қатнашдан иборат.

Бу нарса иймонни ва Унинг муҳаббатини тақозо этади. Аллоҳнинг амрига бўйсунган, охират ҳақлигига, намоз ва рўзанинг фарзлигига ишонган, Аллоҳдан қўрқадиган мўминлар савоб умидида бу хайрли амалга қўл урадилар. Ана ўшалар ҳидоят топган, икки дунё саодатини қўлга киритган ва Яратганнинг розилигига мустаҳиқ бўлганлардир. 

Абу Саъийд  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

“Aгaр бирoв мaсжидни  тaъмирлaётгaнини кўрcaнглaр унинг мўминлигигa гувoҳ бўлинглaр. Чунки Аллоҳ таоло:

“Аллоҳгa вa oхирaт кунигa имoн кeлтиргaн кимcaлaр мacжидлaрни oбoд қилaди”, – дeгaн» (Термизий ривояти).

Масжид қуришда риё ва шуҳратпарастлик аралашмаган ҳолда, фақатгина Аллоҳнинг розилиги ва мусулмонларнинг манфаати кўзда тутилган бўлмоғи керак. Аллоҳ ўз уйларини – масжидларни ибодат маскани, ҳидоят маёғи, илм сарчашмаси қилгани бежиз эмас, албатта. Бу илоҳий бахтни қўлга киритиш илинжида мўминлар туну кун унга ошиқадилар. У ердан маънавий юксалиб, қалбан покланиб, руҳан тетиклашиб чиқилади. Илоҳий нурнинг маркази – масжидлар. Раббоний файз ундалиги боис мўминлар қалби шу билан нурланади. 

Шўролар даврида юзлаб осори атиқаларимиз вайрон этилди. Шукроналик билан тан оламизки, Истиқлол шарофати ила барчаси бирма-бир обод этилмоқда. 

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга бир уй қуриб беради”, – дедилар» (Муттафақун алайҳ).

         Демак, бу дунёда масжид бино қилиш учун уринган ҳар бир кишининг қилган иши беҳуда кетмайди, у охиратда Аллоҳ  томонидан муносиб тақдирланади. 

         Шунинг учун жаннатда алоҳида муҳташам уйга эга бўлмоқчи болган одам бу дунёда масжид қуриш, ободонлаштириш ёки хайру эҳсонда қурби етганича иштирок этмоғи марғуб амаллардандир.

Аллоҳим барчаларимизни ўзининг уйини обод қилувчи бандаларидан қилсин!

Андижон вилояти Шаҳрихон тумани “Жўрабой” жоме масжиди имом хатиби Сотволдиев Саидбурхон