Аллоҳ сизу бизни муваффақ қилсин, билингки, закотга доир аҳкомлар ва унинг шартлари тафсилотини ўрганиш, закот кимнинг зиммасига фарз, уни олишга ким ҳақдор, қандай турдаги молдан чиқариш фарз эканини билиб олиш зарурдир.

       Қуръон ва Суннат далолатига кўра, закот Исломнинг рукнларидан ва улкан биноларидан саналади. Аллоҳ таоло Қуръоннинг 82 ўрнида уни намоз билан бирга зикр қилган. Бу ҳам унинг нақадар аҳамиятли ибодат эканига ва у билан намоз ўртасида нақадар улкан алоқа ва мустаҳкам боғлиқлик борлигига далил бўлади.

       Аллоҳ таоло айтади: «Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг» (Бақара: 43).

       У ҳижратнинг иккинчи йилида фарз қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни йиғиб ва қабул қилиб олиб, ҳақдорларга етказишга масъул бўлган кишиларни атроф ўлкаларга юбордилар. Хулафои рошидийннинг суннати ҳам шунга жорий бўлди, мусулмонлар шунга амал қилиб келдилар.

        Закотда халқларга яхшилик бордир. У молнинг тозаланишига ва бало-ю офатлардан сақланишига сабабдир, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бандаликни бажо келтиришдир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Тавба: 103). Бинобарин, у нафсларни бахиллик ва ҳасисликдан поклаш, бой-бадавлат кишини ўзига суюмли бўлган молидан бир қисмини чиқариб бериш билан Аллоҳга қурбат ҳосил қила олишини имтиҳон қилиб кўришдир.

       Аллоҳ таоло закотни униб-ўсиш ва кўпайишни қабул қиладиган молларда, жумладан, чорва моллари ва экин-тикин каби ўзи ўсиб, кўпаядиган нарсаларда, шунингдек, тасарруф билан ҳамда тижорат воситасида айланиб кўпаядиган тилла, кумуш ва тижорат моллари каби нарсаларда вожиб қилди.

        Закот миқдорини у чиқариладиган молдаги инсоннинг меҳнатига қараб белгилади.

Бир томонлама меҳнат сарф бўлган, яъни суғориш иншоотларисиз суғорилган ҳосилнинг ўндан бирини (10%);

   Икки томонлама меҳнат билан суғорилган ҳосилнинг йигирмадан бирини (5%);

Пул ва тижорат моллари каби соф меҳнат билан даромад келадиган молларнинг қирқдан бирини (2,5%) закот сифатида чиқаришни фарз қилди.

      Аллоҳ таоло ушбу садақани тозалов деб номлади, чунки у нафсни ҳам, молни ҳам тозалайди, у молни камайтирадиган ва мол эгасига зиён етказадиган жарима ёки солиқ эмас. Балки, аксинча, закот одамлар ўзлари сезмаган ҳолларида моллари кўпайишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Садақа билан мол камаймайди», деганлар (Термизий, Аҳмад Абу Кабша розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

       Шариатда закот хос тоифанинг хос моли учун хос вақтда фарздир. Яъни, бу чорва моллари, пул ва тижорат молларида тўла бир йил айланиши, дон-дун ва ҳосилда доннинг қотиши ва ҳосилнинг пишиб етилиш вақти кириши, асалда унинг ҳосил бўлиш пайти келиши, кон ва хазиналарда уларнинг чиқариб олиниши, фитр закотида ийд оқшоми кун ботишидир.

         Зиммасида закот фарз бўлган одам закотини чиқармай туриб вафот этса, унинг қолдирган меросидан закоти чиқарилади, ўлими сабабли закоти соқит бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг қарзи (яъни, ҳаққи) ўтаб қўйилишга ҳақлироқ», деганлар (Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).   

       Демак, вориси ва ёки бошқа биров маййитнинг меросидан закот чиқаради, чунки закот фарз бўлган ҳақдир, у маййитнинг зиммасидан соқит бўлмай туради.

 Салимжон домла Матғозиев

Андижон туман бош имом хатиби