Таълим йўналишида ҳам мусобақалар қилиш жоизлиги ва шаръий илмларда бахс мунозараларни мусобақа шаклида ўтказиш 

Илмий йўналишларда мусобақа уюштириш ва уларда ғолибларга мукофотлар бериш ҳақида ҳам қадимги фиқҳий китобларимизда матнлар бор. Жумладан, бу ҳақда “Канзуд дақоиқ” да айтилган ва “Дуррул мухтор” да ҳам келтирилган:

“Агар фақиҳлар бирор масалаларда тортишиб қолишса ва отлар ҳақида сўз юритганда айтганимиздек, тўғри топганга соврин шарт қилинса ва бу соврин икки тарафдан бўлмаса, жоиз. Чунки иккала (ҳарбий ва илмий) соҳадаги билим ҳам диннинг қувватига, Аллоҳнинг сўзини олий қилишга бориб тақалади. Мусобақа бобидаги мазкур жоизликдан мурод – ҳалолликдир, ҳақдорлик эмас. Мисол учун, агар мағлуб совринни бермаса, қози уни мажбур қила олмайди, “берасан” деб ҳукм чиқара олмайди”.

Мусобақада соврин беришнинг тўрт кўриниши бор бўлиб, улардан биттаси ҳаром, учтаси ҳалол:

  1. Совринни қатнашувчилар эмас, балки ташқаридаги киши беради. Мисол учун, подшоҳ, ҳоким ва бошқа ҳар қандай учинчи шахс. “Ким ғолиб бўлса, унга шунча мукофот”, дейди ва ғолибга ўша ваъда қилинган нарсани беради. Бу − жоиз.
  2. Мусобақалашаётган тарафлардан бири иккинчисига беради. Масалан, “Агар ютсанг, мунча мукофот бераман, аммо ютқазсанг, сен менга ҳеч нарса бермайсан”, дейди. Бу ҳам − жоиз.
  3. Икки тараф пул тикади-ю, учинчи, ҳалолловчи одам ўртага киради. Бунинг сурати қуйидагича: Икки киши ўртага пул қўяди ва мусобақага учинчи шахсни ҳам чорлаб, унга “Агар сен ютсанг, мана бу биз тиккан пул сеники, аммо биздан бирортамиз ютса, мукофотни ўша олади, сен ҳеч нарса бермайсан, яъни ютқазмайсан», дейишади. Шунда агар мазкур соврин тиккан тарафлардан бири ютиб, совринни олса, жоиз.
  4. Икки тараф бир бирига мукофот тикади. «Агар сен ютқазсанг, менга фалон нарса берасан, мен ютқазсам, пистон нарса бераман», деб айтса, бу қимор бўлади ва ҳаром саналади.[1]

Мусобақада бериладиган мукофот олувчига ҳалол бўлиши учун бир қатор шартлар топилиши лозим:

  1. Аввало мусобақа шаръан жоиз бўлиши, яъни унинг шартлари топилиши: шариатга хилоф ва гардкам иш бўлмаслиги; беллашувчиларнинг шароит ва имкониятлари тенг бўлиб, ҳар қайсисининг ютиш эҳтимоли бўлиши; ғолиблик шартлари аниқ бўлиши; қатнашувчилар тайин бўлиши ва ҳукм адолатли бўлиши керак. Акс ҳолда мусобақадан тушган соврин ҳалол бўлмайди;
  2. Мусобақа ўтказилаётган соҳа жамият учун керакли, зарур бўлиши лозим. Беҳуда ишларда, ўйин-кулгиларда, динга, жамиятга, халққа манфаати бўлмаган соҳаларда ташкил қилинган мусобақаларда соврин бериш ва олиш жоиз эмас, чунки бу молни совуришдир. Айниқса, мукофот халқнинг хазинасидан бўлса, бу бошқаларнинг ҳаққини поймол қилиш, унга хиёнат қилиш ҳисобланади. Шу боис, бундай мусобақаларда берилган соврин олувчига дуруст бўлмайди;
  3. Совриннинг сифати, ҳажми маълум ва ўзи мубоҳ, олди-сотдига яроқли нарса бўлиши. Агар шундай бўлмаса, низо чиқиши, мусулмон кишига мулк бўлмайдиган ҳаром нарса бўлса, бу унинг учун алдов бўлиши мумкин;
  4. Мукофотнинг учинчи шахс ёки икки тарафдан бири томонидан берилиши. Агар иккала тараф бир бирига соврин беришга келишса, бу қимор бўлиб қолади;
  5. Мусобақанинг фақат одамлар ўртасида бўлиши. Ҳайвонларнинг ўртасида мусобақа ўтказиб, пул олиш мумкин эмас, чунки бунда қимор ҳолати бор.

Тарихдан маълумки, қадимги Мовароуннаҳр мадрасаларида, хусусан Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Шош мадрасаларида Қуръони каримни ёд олиш билан бирга, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тасаввуф, фароиз, усулул фиқҳ ва мусталаҳул ҳадис фанлари бўйича ислом оламида машҳур олимларнинг араб, форс, туркий тилларда ёзилган мўътабар китоблари, ушбу китобларга ёзилган шарҳлар ва уларнинг ҳошиялари ўқитилган. Ушбу фанлар бўйича энг мўътабар китобларни тугатганларни эса “Хатм карда мулло” деб номлашган. Талабалар мадрасада ўқишни тамомлаш вақтида “Хатмул кутуб”, яъни “Дарслик китобларни тугатганлик” бўйича махсус тадбир ўтказилган. Тадбирда ўша вақтдаги катта мударрислар, шаҳар қози ва муфтийлари йиғилган. Устоз ва талабаларга дастурхонлар ёзилиб, тадбир сўнгида китобларни ўқиб тугатган талабалар қози ва муфтий каби катта устозлар олдида имтиҳон қилиниб, ғолиблар ва дарс берган устозлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб, уларнинг ҳаққига дуои хайрлар қилинган.

[1] Ат-Тазкиро китоби ат-тобатул аввал 1997

ТИИ МСБ талабаси Саидумаров Умархон