Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, Исломга, хусусан, Қуръони Каримга улкан хизмат қилган буюк алломалар юрти бўлмиш жаннатмонанд Ватанимиз мустақилликка эришгач, масжид-мадрасалар очилди, миллий қадриятларимиз, диний таълим, диний адабиётимиз тикланди. Халқимиз яна эмин-эркин Қуръон ўқий бошлади, натижада Мусҳафга бўлган эҳтиёж, талаб кучайди. Шу боис Республикамизда Мусҳафи шарифни чоп қилиш давр талабига айланди. 

Зеро, Қуръон карим кириб борган, ўқиладиган ҳар бир хонадонга Аллоҳ таолонинг файз-баракоти ёғилиб туради. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони Каримнинг кўп минг нусхада босмадан чиқарилиши ва унинг самараси ўлароқ, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг хонадонида мусҳафлар кўз қорачиғидек сақланиши жонажон Ватанимиз учун мислсиз хайр-баракалар бўлди. 

Қуръони бор хонадонда тарбияланган фарзандлар динига, эл-юртига, миллатига содиқ ватанпарвар, чинакам авлод сифатида камол топади. 

Аллоҳ таоло азиз диёримизни Қуръон нури билан мунаввар айласин, бу буюк хизматга бел боғлаб, хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асраб, кўзлаган барча эзгу мақсадларига етказсин, ниятларини рўёбга чиқариб, ўйлаганларидан ҳам зиёда натижаларга эриштирсин[1].

Хушовоз, тили равон, Қуръонни гўзал ўқий оладиган кишиларни Қуръон таълимига жалб қилиб, уларнинг иқтидорини мақтар, олқишлар ва улардек умматлари борлигидан шод бўлиб, Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтар эдилар. У Зотнинг таълим-тарбияларини олган саҳобаи киромлар ҳам Қуръон таълимига алоҳида эътибор бердилар. Уларнинг қошида қориларнинг қадри жуда юксак эди. Шу зайлда Ислом уммати ичидан Қуръони Каримни қалбларида сақлаб, кейинги авлодга бекаму кўст етказишга ҳарис бўлган Қуръон ошиқлари, ҳофизлари силсиласи узилмай келди ва улар барча даврларда мусулмон уммати тарафидан эъзозу ҳурматда бўлдилар.
Кейинги даврларга келиб, мусулмонлар ёш авлодни Қуръон ўрганишга, уни ёдлашга қизиқтириш мақсадида турли тадбирлар ҳам ўтказадиган бўлдилар. Жумладан, бизнинг улуғ аждодларимиз ҳам бу борада салмоқли ишларни амалга оширганлар. XVIII-XIX асрларда юртимизда ҳукм юритган хонликлар даврида мадрасаларда Қуръон кўриклари ўтказилиб, ғолиблар бевосита хоннинг совринига сазовор эга бўлишган.

Тошкентда яшаб ўтган, асли андижонлик устоз Абулазиз қори даданинг айтиб беришича, Бухорода “Мир Араб” мадрасасида ҳар йили талабалар ўртасида Қуръон кўриги ўтказилар ва ҳакамларнинг талабларига жавоб берган, яъни Қуръонни сўралган жойдан адашмай, яхши ўқиб бера олган қориларга соврин бериш билан бирга, бирор савдогар ёки дўкондорнинг ойлик даромадидан 10 фоизини ушбу қорининг ҳисобига ўтказиш ҳам таъминланган. Бу услубни “даҳи дар даҳ” – “ўндан ўн” деб аташган.
Хива хонлигида ҳам ҳар йили мадрасада қориларни кўрикдан ўтказиб, ғолибга шахсан хоннинг ўзи бир хум тилла топширган. Ана шундай соврин олган талабаларнинг охиргиларидан бири хивалик Отаниёз қори мадрасадаги юзларча талабалар ичида ғолиб бўлиб, Муҳаммад Раҳимхоннинг совринига сазовор бўлган. У киши рус босқини вақтида Қирғизистонга кетиб, қочиб яшириниб юрган ва саксонинчи йилларда ўз юртига қайтиб, умрининг охирги йилларини шу ерда ўтказган. Унинг айтишича, ўша олган соврини унга бир умр асқотган экан.

Юртимиз худосизлар тарафидан оёқости қилинган кезлар диний қадриятлар ҳам ер билан яксон қилинган эди. Қуръон мусобақаси ўтказиш у ёқда турсин, ҳатто калимаи шаҳодатни айтиш ҳам хатарли бўлиб қолганди. Оддий намоз ўқишнинг ўзи ҳам жиноят саналар эди. Ўн тўрт асрдан бери Ислом динига эътиқод ва амал қилиб келаётган, минглаб забардаст алломаларни етиштирган, беназир авлиёю машойихларнинг бешигини тебратган халқимиз энди мустабид тузум даврида ўз юртида бемалол намоз ўқий олмайдиган, калимасини баралла айта олмайдиган аҳволга тушиб қолди. Бу ғоятда оғир имтиҳон бўлди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, улуғ аждодларимиз ана шундай даврларда ҳам динини, қадриятларини қўлдан бой бермай, соф сақлай олдилар ва ниҳоят, Ватан озодлигига эришдилар.
Юртимиз мустақил бўлгач, диний қадриятларимиз аста-секин тиклана бошлади. Биринчи бўлиб қайта йўлга қўйилган улуғ анъаналаримиздан бири Қуръон қорилари ўртасида ўтказиладиган мусобақа бўлди. 1992 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари (Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ўша вақтда шундай номланган) идораси ташаббуси билан Мирза Юсуф масжидида Қуръон мусобақаси ўтказилди. Ўшандан бери Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси бошчилигида юртимизда Қуръон мусобақаси ўтказиб келинмоқда.

Муҳтарам Президентимиз айтганидек, “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасида берган топшириқларига мувофиқ, Қуръони карим қироати мусобақаси ҳудудларда юқори савияда ўтказилди.

Мазкур мусобақа 3 босқичда ўтиши белгиланди (туман/шаҳар, вилоят ва республика босқичлари).

2018 йилнинг 15 январидан 15 февралгача вилоятларда мусобақанинг шаҳар ва туман босқичлари ўтказилди.

Бир ой мобайнида 5397  нафар (улардан 3283 нафар эркак, 2114 нафар аёл) иштирокчи мусобақада қатнашдилар. Улардан 336 нафари 1-ўринни эгаллаб, 2-босқичга йўлланма олдилар.

17 февраль куни Жиззах вилоятида, 19 февраль куни Самарқанд вилоятида 2-босқич мусобақаси бўлиб ўтди. Вилоят босқичида 1-ўрин эгаллаган ғолиблар республика босқичида қатнашиш имконига эга бўлдилар.

Мусобақада қатнашаётган иштирокчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда ҳомийлар томонидан фахрий ёрлиқлар, ғолибларга эса диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

20 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида Қуръони карим мусобақасининг биринчи босқич якунига бағишлаб махсус йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўрибосари Абдулазиз Мансур ҳамда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров иштирок этиб, мусобақани шаффоф, адолатли ва янада тартибли ўтказиш бўйича мусобақанинг барча ҳайъат аъзоларига ва ҳакамларга кўрсатмалар бердилар.

Шунингдек, тадбирларни янада юқори савияда ўтказиш мақсадида Дин илари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази мутахассисларидан иборат кузатув гуруҳи ташкил этилди.

22 февраль куни Қашқадарё вилоятида иккинчи босқич бўйича Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди.

[1] Манбаа islom.uz партали

ТИИ МСБ талабаси Саидумаров Умархон