Рўзанинг фазилати ва Рўзадорга бериладиган ажрлар

391

Рўзанинг фойдалари шаксиз улкандир. Саҳиҳ ҳадисда: «Аллоҳ таоло рўза тутишни фақат Ўзи учун танлади, унинг ажрини ҳам Ўзи беради ва хад-ҳисобсиз кўпайтиради», — дейилди. Аллоҳ таоло ҳадис кудусийда шундай дейди: «Фақат рўза мен учундир ва унга ажрни Ўзим бераман» (Имом Бухорий ривояти).

«Рўзанинг тенги йўк» (Насоий ривояти).

«Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди (ижобатсиз қолмайди)» (Имом Бухорий ривояти).

«Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: «Бири оғзини очганда (ифтор вақтида) ва иккинчиси (Киёмат кунида) Роббисига рўбарў бўлганда» (Имом Муслим ривояти).

«Киёмат кунида рўза ўз эгасини шафоат килади ва: «Эй Роббим, кун бўйи унинг таомланишига, жинсий хоҳишларини қондиришига тўсқинлик қилдим. Шунинг учун уни шафоат қилишимга рухсат бер» — дейди.» (Имом Аҳмад ривояти, Хайсамий «Ал Мажмаъ»да иснодини ҳасан деган, Саҳиҳ ут-тарғиб).

«Аллоҳ олдида рўзадорнинг оғзидан келадиган хид, мушкнинг бўйидан хушбўйроқдир» (Имом Муслим ривояти).

«Рўза қалқондир ва у кишини олов (дўзах) дан омонда сақловчи кучли ҳимоячидир»  (Имом Аҳмад ривояти, Саҳиҳ ут-тарғиб).

«Бир киши Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса,  Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқлаштиради» (Имом Муслим ривояти).

«Бир киши Аллоҳ розилиги умидида бир кун рўза тутса-ю, ўша кун ҳаётининг сўнгги куни бўлса, у жаннатга киради»  (Имом Ахмад ривояти, Саҳиҳ ут-тарғиб).

«Жаннатда «Райён» деб аталувчи бир дарвоза бор. Шу дарвозадан рўза тутувчи кишилар киради. Улардан бошқа ҳеч ким бу ердан кира олмайди. Уларнинг ҳаммалари кириб бўлгандан сўнг дарвоза ёпилади ва ҳеч ким у ердан киритилмайди» (Имом Бухорий ривояти).

Акмалжон домла Қурбонов

Олтинкўл тумани

“Оқ масжид” жоме

масжиди имом-хатиби