Рамазон ва нафс тарбияси

458

Муборак Рамазон ойи ўтиб боряпти. Бу ойнинг ҳар куни, ҳар туни ғанимат, ҳар бир саҳарлик, ҳар бир ифторлик ғанимат. Бу ой Аллоҳ таоло билан банданинг яқинлиги ортиши учун имкониятлар ойидир. Бу ой дуолар ижобат бўладиган ой. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ой баракалари ҳақида кўплаб башоратлар берганлар. Жумладан шундай деганлар:

“Рамазон ойининг биринчи кeчаси бўлса, Аллоҳ айтади: “Ким бизни яхши кўрса, Биз ҳам уни яхши кўрамиз. Ким Бизни талаб қилса, Биз ҳам уни талаб қиламиз. Ким Биздан мағфират сўраса, Биз унинг гуноҳларини рамазон ҳурматидан кeчирамиз”.

Рамазон ойи нафсни тарбиялаш ойидир. Зеро нафс тарбияси мўминнинг биринчи галдаги вазифасидир. Нафсга бўйсунмасликда инсон учун жуда кўп яхшиликлар, баракалар бор. Унга эргашиш эса ёмонликларнинг пойдевори ҳисобланади. Шу кунгача ўтган солиҳ бандалар барча яхшиликларнинг асоси нафсни тарбия қилиш, барча ёмонликларнинг асоси эса унга тобе бўлишда эканлигини таъкидлаганлар.

Нафсига эргашмай, уни тарбиялаган киши ютуққа, муваффақиятга етишади. Унга фақат гумроҳ кимсаларгина эргашадилар.

Қачон инсон нафси буюрганига чопиб, унга сўзсиз итоат этар экан у икки жиддий дардга йўлиқади. Биринчиси – нафснинг  туганмас орзуларига дуч келади. Қачонки у сўраса, сен берасан. Чунки у сендан талаб қилади. Сен эса унга итоат этасан. Сўраганини берар экансан, у сенинг бераётганларингга қониқмасликка ўтади.

Нафс  эгасидан лаззатларни кўпайтиришни талаб қилади. Эгаси эса қулларча унга итоат этади. Биз билайликки нафсни қанча қондиришга уринмайлик  у қониқмайди. Иккинчи муаммо нафснинг ўзида. Ҳар вақт сен уни қониқишга уринганингда у қониқадию, лекин бу қониқиш вақтинча давом этади. Маълум вақт лаззатланади. Кейин эса бу қониқиш кичрайиб бориб оқибатда йўқолади. Бу ҳолат қабрига киргунича давом этади. Унинг истакларининг охири йўқ.

Нафс тарбияси мўминнинг доимий иши. У нафс билан ҳар куни, ҳар кеча шуғулланиши керак. лекин Рамазон энг қулай фурсатдир. Чунки бунда нафсни енгиш учун имкониятлар кўп. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди.

Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. рўза тутиш орқали инсон гуноҳлардан сақланади, шаҳвати синади ва гуноҳга ундовчи омиллар заифлашади. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда баён қилинган:

“إِذَا كَانَ أَوَّلُ لَيْلَةٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ صُفِّدَتْ الشَّيَاطِينُ وَمَرَدَةُ الْجِنِّ وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ فَلَمْ يُفْتَحْ مِنْهَا بَابٌ وَفُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ فَلَمْ يُغْلَقْ مِنْهَا بَابٌ وَيُنَادِي مُنَادٍ يَا بَاغِيَ الْخَيْرِ أَقْبِلْ وَيَا بَاغِيَ الشَّرِّ أَقْصِرْ وَلِلَّهِ عُتَقَاءُ مِنْ النَّارِ وَذَلكَ كُلُّ لَيْلَةٍ” (رَوَاهُ الإمام التِّرْمِذِيُّ عن أبي هريرة رضي الله عنه).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Рамазон ойининг биринчи кечасида, шайтонлар ва ёмон жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилиб, улар ёпилмайди. “Эй яхшиликни хоҳловчи, буёққа кел! Эй ёмонлик истовчи, бу ишдан тўхта!” деб нидо қилинади. Бу кечада Аллоҳ таоло кўпчиликни дўзахдан озод қилади. Мана шу ҳар куни такрорланади”, – дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Муҳаммадқудратбек домла Дадабоев

Асака тумани “Ҳолмадодхоҳ” жоме масжиди имом-хатиби

Фойдаланилган манбалар: muslim.uz ва naqshband.uz