Muslim Friday mass prayer in Turkey

Рамазон – гуноҳлардан тийилиш ойидир. Бу ҳақида ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида баён қилганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон сўзни ва унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг таоми ва ичимлигини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”- дедилар”.(Имом Бухорий ривоят қилган)

Баъзи бир кишилар рўзани тутиб олиб, тилини тиймай, ёлғон гапирадилар, иғво, бўҳтон, ғийбат қиладилар, турли ёмон ишлардан ўзларини тиймайдилар. Бундай кишилар рўзанинг фойдасидан, савобидан маҳрум бўладилар. Минг афсуски,уларга рўза тутишларидан фақат оч қолганликлари қолади холос.

Шунинг учун ким рўзадан тўла манфаат олмоқчи, савобига тўлиқ эришмоқчи бўлса, ўзини таом ва шаробдан ташқари беҳуда, бўлмағур гап-сўз ва амаллардан тиймоғи лозим.

Мусулмон киши ҳар доим гуноҳ қилишдан, жумладан тил орқали бўладиган, ёлғон, бўҳтон, ғийбат, чақимчилик каби гуноҳларни содир қилишдан сақланиши лозим. Бу ҳақида шариатимизда кўплаб кўрсатмалар ворид бўлган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисларида рўза тутган одамнинг ёлғон гапиришдан сақланишига тарғиб қилишлари, бу нарсани рўзадор учун яна ҳам таъкидлаш учундир. Уламоларимиз, ҳадисда зикр қилинган “ёлғон сўз” нинг остига ғийбат, бўҳтон, чақимчилик, сўкиш, ҳақорат каби тил орқали содир бўладиган гуноҳлар ҳам киради, дейишган. “Унга амал қилиш” деганда  эса,шариатга хилоф бўлган барча гуноҳ ишлар тушунилади.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Рўза қалқондир (Абу Заннад шу лафзни шархлаб: жаҳаннамдан қалқондир деганлар). Энди сизлардан ким Рамазонда рўза тутса, фаҳш сўзларни сўзламасин, баланд овозда бақирмасин. Агар уни бирор киши сўкса ёки у билан уришмоқчи бўлса, икки марта; “мен рўзадорман, мен рўзадорман, деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Мана бу ҳадиси шарифда ҳам рўза тутган киши ҳар хил бемаъни сўзларни гапириши ва бақир-чақир қилиб одамларга азият беришидан қайтариляпти. Шунингдек, бошқа киши томонидан унга шу каби гуноҳ ишлар содир бўлса ҳам, бунга сабр қилиб, рўзадор эканини эслатиб қўйиши тавсия қилинмоқда. Бундан кўринадики, рўзадор киши ҳар қандай ҳолатда бўлса ҳам гуноҳ қилишдан ўзини асраши лозим экан.

Ибн Ҳузайма розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сен рўзадор бўлсанг бирор кишини сўкмагин, агар сени бирор киши сўкса, мен рўзадорман, деб айтгин. Агар турган бўлсанг ўтириб ол, ғазабинг кетади. (бошқа ривоятда ўтирганингда ҳам кетмаса, таҳорат қилгин ва икки ракаат намоз ўқигин)”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Салафи солиҳ уламолар Қуръон ва суннат билан одоб берардилар. Уларнинг сўзлари мулойим, нутқлари зикр, назарлари ибрат, жим туришлари тафаккур эди. Инсон Қаҳҳор сифатли Роббга дуч келишдан қўрқса, тилини зикр ва шукрга ишлатиб, беҳаё, уятсиз, ахлоқсиз ва лағв сўзлардан тияди. Шунинг учун Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Ер юзида сақлаш зарур бўлган нарса тилдир”, деган. Тақводор зотлар гапирмоқчи бўлсалар, сўзлари ортидан келадиган машаққат ва натижасини ўйлаб сукут сақлаб тураверганлар. Бошқаларга озор бериш ҳаром. Озор беришнинг турли-туман кўринишлари бор. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлса, у комил мўминдир”, дедилар (Имом Муслим). Бу ҳадисдан инсон камолотга етиши ва айниқса рўзадор мўмин тутаётган рўзасини қабулияти учун тил, қўл ва барча аъзолар билан озор беришдан сақланиши лозимлиги тушунилади.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазони Шарифнинг хурмати ва одобларига риоя этган холда бу ойнинг ғаниматларидан мукаммал истифода олишимизни муваффақ айласин,амийн…

Қобилжон домла Исхоқов

Андижон шаҳар «Шаҳидтепа» жомеъ масжиди имом-хатиби