Меҳмондорчилик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган фазилатлардан бири. Шунинг учун ҳам баъзида тантиликка берилиб кетиб исроф ҳудудига ўтиб қолганимизни ҳам сезмай қоламиз.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Жобир ибн Абдуллоҳ фарзандига насиҳат қилиб, жумладан шундай деган: «Эй Атийя, мeнинг васиятимни ёдингда тут. Мeнимча, сeн билан бошқа ҳамсуҳбат бўлмасак кeрак. Очларга таом бeр, саломни ёй, одамлар ухлаганда намоз ўқи. Мeн Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

“Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳис саломни очларга овқат бeрганлари, саломни ошкора этганлари, одамлар ухлаганда намоз ўқиганлари учун ўзига дўст қилиб олди”, дeганларини эшитганман”.

 مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلاَ يُؤْذِ جَارَهُ ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ وَ مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوِ لْيَصْمُتْ ” 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида айтадилар:

 “Ҳар кимнинг Аллоҳ таолога ва охиратга имон келтиргани рост бўлса, қўшнисига ёмонлик қилмасин, озор бермасин, меҳмонга икрому иззат кўрсатсин. Ҳақиқий мўмин бўлса, гапирганда фойдали гаплардан гапирсин ёки сукут сақласин!”. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Сахийлик, меҳмондўстлик ҳар қачон ҳам қилинур, бироқ Рамазонда яна ҳам кўпроқ бўлур. Айниқса, ифтор яқинлашган сари мусулмон халқимиз уяси тўзиган аридан ҳам кўра югуриб қолишади. Ҳамма ҳар ёққа шошган.

Қандоқ ҳам шундай бўлмасин, бу бизга ота-боболаримиздан, ота-боболаримизга эса Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мерос бўлса!

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтдилар:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хайр-эҳсон қилишда ҳаммадан ҳам сахийроқ эдилар. Хусусан рамазон ойи келиб, Ҳазрат Жаброил алайҳис салом билан учрашадиган пайтларида жуда ҳам сахий бўлиб кетар эдилар. Ҳазрат Жаброил алайҳис салом рамазон ойининг ҳамма кечаларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳис саломга Қуръони каримни ўқиб берар эдилар.

Ҳазрат Жаброил алайҳис салом билан учрашадиган вақтларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг раҳматини олиб келувчи тез эсадиган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлар эдилар”.

Оиша разияллоҳу анҳо рўзадор эди. Ҳузурига бир мискин тиланчилик қилиб келиб қолди. Уйида бир дона нондан бошқа егулик йўқ эди. Жориясига айтди:

  • Унга ўша нонни бериб юбор!
  • Сизга ифторлик қилишга ундан бошқа нарса йўқ-ку? – эътироз билдирди жория.
  • Унга ўшани бериб юборавер! – деди.

Жория нонни бериб юборди. Кечки пайт қўй гўшти билан буғдой уни аралашган гўштли нонга ўхшаш арабларнинг “кафануш-шоти” егулигини ҳадя қилишди. Оиша онамиз жориясига айтдилар:

  • Мана энди бундан егин!  Бу сенга обинонингдан кўра яхшироқ-ку!

Улуғбек қори Йўлдошев

Асака туманидаги “Муҳаммадсолеҳ ҳожи” жоме масжиди ходими