Азиз биродарлар, бир нарсани эсдан чиқармайликки, кишини олдида уни мақташ мумкин эмас, чунки унинг нафси ғурурланиб, ўзидан кетади. Шунингдек бировнинг айбини орқасидан айтиб бўлмайди, чунки у ғийбат бўлади. Демак-ки, айби бўлса биродар бўлсангиз, унинг юзига айта билинг ва лекин эҳтиёт бўлингким, кўнглини оғритиб қўйманг. Айбини билдираётганда ҳар томонлама ўйлаб, чиройли қилиб тушунтириш лозим. Мақтамоқчи бўлсангиз, у бўлмаганда бошқалар олдида мақтаб, ҳаққига дуо қилиш керак. Мабодо эшитиб қолса, Аллоҳ таоло унинг қалбини Ўзи ислоҳ қилсин, тузатсин деб дуо қилинг.

عن أبى معمر قال قام رجل يثنى على أمير من الأمراء فجعل المقداد يحثى في وجهه التراب وقال : أمرنا رسول الله صلى الله عليه وسلم أن نحثي في وجوه المداحين التراب

Абу Муаммар розияллоҳу анҳу дедилар: “Бир киши туриб бошлиқларидан биттасини мақтади. Шунда Миқдом ибн Асвад унинг юзига тупроқ сочдилар-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ортиқча мақтовчиларга шундай тупроқ сочмоғимизни буюрганлар, дедилар”.

Бундай инсонлар кўпинча лаганбардор ёки иккиюзламачи бўлади. 

عن أبي هريرة ان رسول الله صلى الله عليه وسلم قال :من شر الناس ذو الوجهين الذي يأتي هؤلاء بوجه وهؤلاء بوجه

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: “Албатта, инсонларнинг энг ёмони иккиюзламачи кишидир. Ана уларга бир юз билан келади ва мана буларга бошқа юз билан келади”.

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم » من كان له وجهان في الدنيا كان له يوم القيامة لسانان من نار»

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам  марҳамат қиладилар: “Ким бу дунёда иккиюзламачилик қилса, қиёмат куни унинг оловдан бўлган икки тили бўлади”.

Иккиюзламачилик чақимчиликдан ҳам ёмонроқдир. Чунки, чақимчи бир тарафнинг гапини бошқасига ташийди. Икки юзламачи эса, икки тарафнинг гапини ташийди. Яъни ҳар томонни хурсанд қилиш учун уларнинг айбини фош қилади.

Икки душман тараф олдига кириб, уларни яраштириш учун иккисига хушомад қилиб, тўғри гапирган одам икки юзламачи бўлмайди ва бировнинг ёмонлигидан қўрққани учун, яъни ахмоқ одамнинг ёмонлигидан муроса учун, унга кулиб, яхши муомала қилса, бу ҳам икки юзламачилик бўлмайди. 

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Айрим кишилар борки, биз уларга табассум ила боқамиз, аммо қалбларимиз уларни лаънатлайди”.

عن أبى هريرة قال : المؤمن مرآة أخيه إذا رأى فيها عيبا أصلحه

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: “Ҳар бир мўмин банда ўз биродарининг кўзгусидир. У биродарида бир айбни кўрса, ўзида бўлган шундай айбни тузатишга ҳаракат қилиши керак”.

عن المستورد عن النبي صلى الله عليه وسلم قال : من أكل بمسلم أكلة فان الله يطعمه مثلها من جهنم ومن كسى برجل مسلم فان الله عز وجل يكسوه من جهنم ومن قام برجل مسلم مقام رياء وسمعة فإن الله يقوم به مقام رياء وسمعة يوم القيامة

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  марҳамат қиладилар: “Кимики бир мусулмон биродари эвазига таом еса, Аллоҳ таоло унга дўзахдаги таомдан едиради. Ва кимики бир мусулмон киши эвазига кийим кийса, Аллоҳ таоло уни жаҳаннамдаги кийимларидан кийгизиб қўяди. Ва кимики бир мусулмон биродари ёнида риёкорлик қилиб турса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни риёкорлар мақомида турғизади”.

Мусулмон мусулмоннинг кўзгуси бўлиш ўрнига, зиёнига кўзгу бўлса, яъни, унинг айби ва камчиликларини тузатиш ўрнига бошқа душманларига фош қилса ва шуннинг эвазига улардан таом ва кийим билан мукофотланса, дўзах ўтига мустаҳиқдир.

Риёкорлик қилиб одамлар олдида мақтаб, кейин бошқа инсонлар ўша мусулмонни ёмонлашаётганида уларга яхши кўриниш учун у ҳам ёмонласа, ана ўшанда у кимса ҳам жаҳаннам ўтига мустаҳиқдир.

Унвонул баён китобида: “Эй ўғилчам! Ахмоқ билан дўстлашишдан сақлан, чунки у сенга фойда бераман деб, зарар етказади. Ёлғончи билан дўст лашишдан сақлан, чунки у сенга узоқни яқинлаштиради, яқинни сендан узоқлаштиради. Бахил билан дўстлашишдан сақлан, чунки унга мухтож бўлганингда сендан йироқлашади. Фожир билан дўстлашишдан сақлан, чунки у сени арзимаган нарсага сотади.

Ботиржон домла Фахриддинов,

“Мирпўстин ота” жоме масжиди имом хатиби