Ҳикоя қилинишича, подшоҳлардан бирига ферузадан бўлган, гавҳарлар қадаб нақш солинган ноёб, беназир бир қадаҳ олиб келинди. Подшоҳ жуда ҳам хурсанд бўлди ва ҳузуридаги ҳакимлардан бирига: “Бу ҳақида қандай фикрдасиз?”, деди. Ҳаким: буни етиб келган муҳтожлик ва тезда келувчи мусибат деб ўйлайман, деб жавоб берди. Подшоҳ: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?”, деди. Ҳаким: “Агар қадаҳ синиб қолса, тузалмас мусибат бўлади. Агар ўғирлаб кетилса, унга эҳтиёж сезасиз. Қадаҳ олиб келинишидан олдин эса сиз бунақа мусибат ва муҳтожликдан омонда эдингиз”, деб жавоб берди. Тасодифан бир куни қадаҳ синиб қолди ва бу нарса подшоҳ учун катта мусибат бўлди. Шунда подшоҳ: “Ҳаким тўғри айтган экан, қадаҳ олиб келинмаганида эди!”, деди.

Машойихлар: “Хурсандчилигинг кўпайгани сари ташвишинг ҳам кўпайиб бораверади”, деб бежиз айтишмаган экан. Инсон ҳаддан зиёд қимматбаҳо улов минса, қимматли масканда яшаса, қиммат кийимлардан кийса, уларга етган кичик зарарлар оддий улов, оддий маскан ёки оддий кийимларга етган зарарлар каби енгилгина қарши олинмайди. Қимматли нарсаларга етган кичкинагина зарар ҳам қимматга тушади, қимматли ташвишлар олиб келади. Шунинг учун биз бу борада мўътадилликни, ўртамиёналикни лозим тутсак мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, динимизнинг талаби ҳам шудир. Аллоҳ таоло мўмин бандаларини мадҳ қилиб шундай дейди:

Яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”. (Фуқон;67)

Ривоят қилинишича халифа Абдулмалик ибн Марвон ўзининг қизлари Фотимани Умар ибн Абдулазизга турмушга бераётган пайтда куёв бўлмиш Умар ибн Абдулазизни синаш учун унга: “Эй Умар, таъминотингиз қандай бўлади?”, деб савол берган экан. Умар: “Эй мўминларнинг амири, таъминотим икки ёмонлик ўртасидаги бир яхшилик бўлади”, деб жавоб берибди ва ушбу оятни ўқибди: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон 67). Халифа бу жавобдан уларнинг таъминоти енгилгина бўлишидан хотиржам бўлган экан.

Мирзохид домла Абдулкаримов,
Шаҳрихон тумани “Жўрабой”
жоме масжиди имом ноиби