A woman walks with her two children at sunset near the seashore in Benghazi April 29, 2014. REUTERS/Esam Omran Al-Fetori (LIBYA - Tags: SOCIETY) - RTR3N5QF

Динимиз оналаримизни эъзозлашга уларга ҳамиша меҳрибон, ширинсўз, хокисор бўлишга ва хизматларида доимо шай туришга буюрган. Чунки, фарзандини тўққиз ой қорнида авайлаб кўтариб юриш, ҳомиладорликнинг қийинчиликларига бардош бериш, туғиш чоғидаги машаққатлар, туққанидан сўнг икки-уч йилгача қўлидан қўймай ардоқлаб парваришлаш, боласи учун бир тунни бир неча бўлакка бўлиб оромдан кечиш, ҳатто улғайиб, уйли-жойли бўлиб кетганида ҳам меҳрини, шафқатини, марҳаматини аямаслик фақат оналаргагина хос буюк фазилатдир. Аллоҳ таоло ҳам Қуръони каримни бир нечта жойларида биз бандаларни Ўзининг ибодатига амр қилиб, унинг изидан ота-онага яхшилик қилишга буюриб, хоссатан онанинг баъзи бир меҳнат ва машаққатларини ҳам баён қилган. Масалан, Қуръони каримнинг “Аҳқоф” сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 

 “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир” (Аҳқоф сураси, 15-оят). Бошқа ояти каримада эса Аллоҳ таоло бундай деган:

 “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишга) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди” (Луқмон сураси, 14-оят).

Ушбу ояти карималарда айнан онанинг меҳнатлари зикр қилинишини тафсир қилиб, Имом Мутаваллий Шаъровий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Аслида, бола тарбиясида ота-онанинг алоҳида меҳнатлари бор. Лекин, Қуръонда айнан онанинг машаққатлари зикр қилинмоқда. Сабаби, бола эсини таниши билан отанинг меҳнат ва хизматларини кўриб улғаяди. Отанинг рўзғор тебратиши, фарзандга керак бўлган кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа эҳтиёжлар билан таъминлаётганини гувоҳи бўлади. Аммо онанинг энг оғир машаққатлари бўлмиш ҳомиладорлик қийинчиликлари, дунёга келтириш азоблари, гўдаклик давридаги кечаларидаги безовталик каби заҳматлар фарзанд ақлини таниганида ўтиб кетган бўлади. Фарзанд буларнинг бирортасини эслай олмайди. Шу сабабли ҳам оятларда алоҳида онанинг машаққатлари эслатилмоқда”.

Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Одамлар ичида менинг чиройли муомаламга энг ҳақли киши ким?” – деб сўради. “Онангиз”, – дедилар У Зот. “Кейин ким?”, – деб сўради. “(яна) Онангиз, – дедилар У Зот. “Кейин ким?”, – деб сўради.(учинчи мартада ҳам) Онангиз, – дедилар У Зот. “Ундан кейин ким”, – деб сўради. Шунда Отангиз”, – деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

Она зотини фарзандига ўта меҳрибонлиги ҳақида Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Ҳузуримга бир камбағал аёл икки қизини кўтариб келди. Шунда унга учта хурмо бердим. У ҳар бир қизига биттадан хурмо берди. Бир дона хурмони ўзи емоқчи бўлиб, оғзига кўтарганда, қизлари уни ҳам беришини сўрашди. У ўзи емоқчи бўлган хурмони иккига бўлиб, қизларига берди. Унинг бу иши мени ҳайрон қолдирди. Унинг қилганини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга айтганимда, У Зот: “Бу сабабли Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан озод қилди”, – дедилар” (Имом Муслим ривоятлари).

Демак, фарзандларини дунёга келтириш, кейин боқиб катта қилишда бемисл матонат ва фидоийлик кўрсатувчи оналаримизнинг ҳурматларини жойига қўйиб, хизматларини қилиб, назарларини топиб, дуоларини олиш фарзанднинг энг муҳим бурчларидан ҳисобланади.

Бир куни Муовия ибн Жоҳима разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, шундай дедилар: “Эй Аллоҳнинг расули! Мен ғазотга бормоқчи эдим, маслаҳатингизни олиш учун келдим. Шунда Расулуллоҳ: “Онангиз борми?”, – дедилар. У киши: “Ҳа”, –деди. Пайғамбаримиз: “Онангизнинг хизматларини ғанимат билинг, чунки жаннат унинг оёғи остидадир!” – дедилар (Имом Насаий ва Имом Ҳоким ривоятлари).

Демак, онанинг розилиги ва унинг хизмати Пайғамбар алайҳиссалом билан ғазотда қатнашишдан ҳам юқори мартабада турар экан.

Ибни Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Ал-исоба” номли китобларида шундай деганлар: “Оналарни ҳурмат ва эҳтиром қилиш, уларга ғамхўр ва меҳрибон бўлиш, уларни олдиларидаги фарзандлик бурчини адо қилиш биз умматларга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан меросдир. Маълумки, Расулуллоҳ гўдаклик пайтларида оналари оламдан ўтганлар, бироқ У Зотни эмизган Ҳалима онамиз Пайғамбаримизни ҳузурларига келганларида ўрниларидан туриб, кийиб турган муборак ридоларини Ҳалима онамизга тўшаб, устига ўтқизар эдилар.

Меҳрибон оналаримизга қанча хизмат қилсак ҳам уларни ҳақларини адо қила олмаймиз. Бу ҳақда қуйидаги ривоят келтирилган:

 Бир киши онасини елкасида кўтариб Байтуллоҳни тавоф қилдирар эди. Тавофни тугатгач: “Онамнинг мендаги ҳаққини адо этдимми?” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, сен тўлғоқ азобидаги бир марта оҳ уришининг ҳаққини ҳам адо этолмадинг” –  дедилар (Имом Баззор ривоятлари).

Онага яхшилик қилиш, кишининг тавбаси қабул бўлишига ҳам сабаб бўлади. Бу ҳақда бундай ҳадиси шариф келтирилган: Бир киши қайғуга ботиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борди ва: “Эй Расулуллоҳ! Мен катта гуноҳ қилиб қўйдим, менинг тавбам қабул бўлармикин?” – деди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онангиз борми?” – дедилар. У “Йўқ”, – деди. Расулуллоҳ: “Холангиз борми?” –деб сўрадилар. “Ҳа” – деб жавоб берди. Расулуллоҳ:  “Ундай бўлса, холангизга яхшилик қилинг”, –  деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривоятлари). 

Онага хизмат қилиш дуо ижобат бўлишига сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, тобеъинлардан энг яхшиси Увайс бўлиб, унинг бир онаси бор.  Увайсни (қўлида тангачалик) оқлиги бўлиб, (у доимо онасининг хизматидадир) (Сизлардан ким унга йўлиқса), у зотдан илтимос қилинглар, сизларнинг ҳаққингизга истиғфор айтсин (дуо қилсин)!” (Имом Муслим ривоятлари).

Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, ота-оналар кексайиб, ночор қолишганда уларнинг емоқ-ичмоқлари, кийим-кечаклари ва турар жой каби моддий таъминотлари фарзандларнинг зиммасига фарз бўлади. Буни ҳар бир фарзанд доимо ёдда сақлаши керак.

Ким ота-онаси бўла туриб, жаннатни қўлдан чиқарса, унинг ҳолига вой бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар:  “Ота-онасининг ҳар иккиси ёки бирортаси унинг ҳузурида қариликка етсаю, (уларнинг хизматларини қилиб, розиликларини олиб) жаннатга кира олмаган киши хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!”  (Имом Муслим ривоятлари).

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи фарзандлар ота-оналарининг қадрига етмасдан, уларни қариялар уйига олиб бориб қўймоқдалар. Бу бизни динимизга, урф-одатларимизга мутлақо зиддир.

Шундай экан, Аллоҳ таоло барчамизга ота-оналаримизнинг хизматларини қилиш, дуоларини олиш ва улар сабабли икки дунё саодатига мушарраф бўлиш бахтини насиб айласин!

Манбаалар асосида

Марҳамат тумани бош имом-хатиби

МУХТОРЖОН домла Шарофиддинов