Тасаввуфнинг луғавий маъноси ҳақида кўп фикрлар билдирилган. Унинг ўзакдоши «суфий» («сўфий») сўзи ҳақида танишиб чиқайлик.

  1. Айримлар: «Сўфий» сўзи аҳли суффага нисбатдир», дейишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида у зот алайҳиссаломнинг масжидларида суффа бўлган. Ўша суффада уй-жойи йўқ ўта камбағал саҳобалардан бир гуруҳи яшаганлар. Улар асосан талаби илм билан машғул бўлганлар ва тақводорлик билан умр кечирганлар. Сўфийчилик ўшалардан келиб чиққан.

Аммо бу фикрга қарши тарафдагилар: «Агар «суфий» сўзининг асли суффа бўлганида, араб тили қоидасига биноан уни «суффий» дейиш керак эди», дейишади. Шунинг учун «суфий» сўзи «суффа» сўзидан олинган, дейиш тўғри бўлмайди.

  1. «Сўфий» сўзи «саф» сўзидан олинган, дейдиганлар ҳам бор. Уларнинг фикрича, сўфийлар ибодатнинг олдинги сафида бўлганлар, шунинг учун ушбу номни олганлар.

Аммо луғат уламолари бу фикрни ҳам рад этадилар. Чунки сафга нисбат берилса, «саффий» дейилиши керак эди.

  1. Баъзи кишилар: «Сўфий» «сафо»дан олинган. Қалби соф бўлган кишилар сўфий бўлишига ишорадир», дейишган.

Аммо кўпчилик бу фикрни ҳам рад этади. Уламоларнинг фикрича, «Сафо» сўзининг «суфий» (сўфий) бўлиб қолиши луғат илми жиҳатидан ҳам, мантиқ жиҳатидан ҳам тўғри келмайди.

  1. «Суфий» сўзи арабча «сувф» – «жун» сўзидан олинган, дейишади кўпчилик боҳислар. Аввало, луғат жиҳатидан бу исм жуда тўғри келади. Қолаверса, кўп ибодат қилишга берилган кишилар кийимни ҳам жуда содда кийишган. Одатда уларнинг кийимлари фақат жундан иборат бўлган, дейишади улар.

Жун майин бўлмагани учун ҳам барча асрларда обидларнинг хос кийими ҳисобланган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг обидликлари ҳақида сўз борганда ҳам «Ул зот жун кийим кияр эдилар» деган ривоят келтирилади.

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Бадр уруши қатнашчиларидан етмиштасини кўрганман, барчасининг кийими фақат жундан эди», дейилган.

Абу Сулаймон Дороний бу ҳақда қуйидагиларни айтади: «Жун зуҳднинг аломатларидан биридир. Кимнинг қалбида беш дирҳамлик жун кийиш рағбати бўлса, уч дирҳамлик жун кийиши лозим эмас».

Кўпчилик мутахассислар ушбу охирги қавлни қабул қилганлар.

Дин, бандаларнинг зоҳирига ҳам ботинига ҳам хитоб қилган, уларни икки жахон саодатига эриштирадиган илоҳий одоб ва ҳукмлардан ташкил топган тарбия тизимидир. Бу тарбия асосан уч сохaда амалга ошади. Биринчиси ишонч, иккинчиси ибодат, учинчиси эса аҳлоқдир. Дин қалбдан ишониш билан бошланади; ибодат тоат билан яшатилади. Одоб, гўзал аҳлоқ, қалб поклиги, нафс тарбияси билан Аллоҳга бўлган дўстлик исбот этилади. Шу ҳолда комил бир мўъмин бўлишлик, динини комил яшашга боғлиқдир.

Иймон – ишонч асосидир, буни калом илми олимлари татқиқ этади. Ибодатларни фиқх олимлари татқиқ этади. Аҳлоқ эса, инсоннинг ички тарбиясидир. Бу, қалбдан салбий сифатларни тозалаб ўрнига яхши ва ижобий сифатларни қўйишдир. Бундай бир тарбия, энг гўзал шакли билан, бу соҳада раҳбар бўлган комил инсонларнинг назар ва назоратида пайдо бўлади. Бу комил инсонлар, Қуръон ва Суннат узра қурилган тасаввуф мактабларида етишганлар.

Тасаввуф, қалбни Аллоҳ билан таништириб, хузур-халовотга етиштириш йўлларини ўргатган ва уни бевосита ўзи татбиқ этган бир тарбиявий тизим. Тасаввуф, гўзал аҳлоқ мактабидир. Қалб поклиги ва гўзал аҳлоқ, диннинг ботиний фиқхидир. Бунга Қуръони Каримда тақво дейилади. Тақвога етишиш учун қилинган курашга тазкия дейилади. Тазкия, қалбни инкор, ширк, исён ва ғафлат кирларидан тозалаб, руҳни поклаш, нафсни салбий хулқ-атворлардан қутқазиб, гўзал сифатлар билан безамоқдир. Буларнинг барчасидан мақсад, улуғ Аллоҳнинг розилигига ва дўстлигига етишмоқдир. Мақсади Аллоҳ розилиги бўлган тарбиянинг барча усул ва одоби ҳам Аллоҳ розилигига мос келиши керак.

Аллоҳ Таоло, илоҳий тарбиянинг ва дўстликнинг марказига Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўйгандир. Унга бош эгмаган кимса буюк Аллоҳни ризолигини томолмайди ва Унга дўст бўлолмайди.

Тасаввуф – қалбни Аллоҳ билан таништириб, ҳузур-ҳаловатга этиштириш йўлларини ўргатган ва уни бевосита ўзи татбиқ этган бир тарбиявий тизим. Тасаввуф гўзал аҳлоқ мактабидир. Қалб поклиги ва гўзал аҳлоқ диннинг ботиний фиқҳидир.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда бизларга буюради:

قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

Яъни: “Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт”. (“Оли-Имрон”. 31)

Олимлар белгиланганидек, бу оятдаги “тобеъ бўлиш” Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий маънодаги бир севгини ўз қамровига олади. Бу севги Фахри Коинат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга қалб, тил, ҳол ва ахлоқ ила том маънода таслимият билан тобеъликдир. Мўмин ичи ва таши билан, ишонч ва яшаш тарзи билан суннатни маҳкам ушлаган тақдирдагина Аллоҳга севилган бўлади, деганлар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби киромга шариат аҳкомларидан шахсан ўзлари таълим берганлар. Саҳобалар ўз навбатида ўзларидан кейин келганларга таълим берган.

Ҳижрий иккинчи асрлардан эътиборан диний ҳаётда ўзгаришлар кўрина бошлайди. Янги фатҳлар ва Исломга янги кирганлар билан Исломият жуда кенг ёйилди. Динга янги кирганларга уни тушунтириш учун олимлар ва солиҳ кишилар жуда катта ғайрат сарф этишди.

Бу орада ориф, солиҳ, авлиё, сўфий исми билан Аллоҳ дўстлари ҳам диннинг одоб, ахлоқ, қалб поклиги ва илоҳий ишққа йўналдилар; ҳиммат ва ғайратларини бу соҳада сарф қилдилар. Бу вақт мобайнида инсонларнинг табиатига мос тарбия ва ислоҳ усулларини ривожлантирдилар. Бу ишда Қуръон ва Суннатга таяндилар.

Мана шу маънавият йўлбошчилари ҳижрий бешинчи асрдан бошлаб Ислом оламидаги тарбия марказларини ва мактабларини қурдилар. Зоҳирий олимлар шариат илмини суҳбат ва китоб ёзиш йўли билан авлоддан авлодга қандай этказиб берган бўлсалар, ҳол, маънавият ва қалб илми дейилган ихлос, файз, севги, илоҳий ишқ, кўз ёши, одоб ва гўзал ахлоқлар ҳам қалбдан қалбга, кўнгилдан кўнгилга кўчирилиб, ҳозирги кунимизга қадар этиб келди.

Саййид Абдулқодир Жийлоний, Юнус Эмро, Мавлоно Жалолиддин Румий, Хожи Бектоший Валий, Шоҳ Нақшбанд, Имом Раббоний, Мавлоно Холид Боғдодий, Аҳмад Рифоий ва бошқа буюк зотлар (қоддасалллоҳу асророҳул алия) барча инсониятга илоҳий ишқ ва одобни ҳаёти давомида яшаган ҳолда кўрсатганлар. Манбаалар асосида 

Шаҳобиддин домла Парпиев,
Асака туман бош имом-хатиби.