Халқимиз қадимдан ахлоқ ва одобда бутун оламга ўрнак ва намуна бўлиб келган. Ота боболаримиз бизларга омонат қилиб қолдирган бу юксак маънавий меросимизни биз ҳам келажак авлодга покиза ҳолда қолдириш учун масъуллигимизни унутмаслигимиз керак. Акс ҳолда бизларни келажак авлод кечирмагай.

Одоб кишининг зийнати. Одобли инсон хор бўлмагай. Одоб кишининг кўплаб камчиликларини тўсиб қўйгай. Ва, аксинча беодоблик барча камчиликларнинг бошидир.

Ҳар кимсанингким, хулқи хуш, толеъи хуш эса

Ҳар жойда, ҳар маконда унга эътибор бўлур.

(Оразий)

Гул каби чеҳранг очиб юр, халқ учун гулзор бўл,

Қўлга санчилма тикондек, балки беозор бўл.

Кекса ҳам ҳурматлагай одобли бўлган ёшни

(Чустий)

Умaр ибн Xaттoб разияллoҳу aнҳу: “Aввaл oдoб, сўнг тaълим бeринглaр”, дeдилaр.

Aбу Aбдуллoҳ Бaлxий: “Нaфснинг oдoби илмнинг oдoбидaн кўпрoқ, илмнинг oдoби илмнинг ўзидaн кaттaрoқ”, дeгaнлaр. (Бўстoнул oрифин. Aбу Лaйс Сaмaрқaндий)

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Мўмин киши кўп сўкувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди”, дeдилар. Имом Тeрмизий ривояти. (Риёзус солиҳин. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий)

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади:

«Одоби йўқ кишининг илми йўқдур, сабри йўқ кишининг дини йўқдур.

Тақвоси йўқ кишининг Аллоҳга яқинлиги йўқ».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Тўрт нарсанинг онаси қуйидагилар:

  1. Давонинг онаси – оз емоқликда;
  2. Одобнинг онаси – оз гапирмоқликда;
  3. Ибодатнинг онаси – гуноҳларни камайтирмоқликда;
  4. Орзуларнинг онаси – сабр қилмоқликда”.

(Мунаббиҳот. Шайx Аҳмад ибн Ҳажар Али ал-Асқалоний)

Ризоуддин ибн Фахруддин “Аҳли аёл” китобида ёзади: “Одам боласининг баҳоси, қадру ҳурмати ахлоқига қараб билинур. Гўзал ахлоқли кимсалар энг мўътабар бўлиб, ахлоқсизлар эса халқ қошида қадрсиз бўлурлар. Одам боласининг ёш чоғида ўрганган одоби қабрига қадар бирга йўлдош бўлиб борадур. Шунинг учун гўзал ахлоқни ёш вақтида ўргатиш керак.

Гўзал ахлоқ ҳар бир киши учун ҳам зарур, бироқ қизлар учун кўпроқ зарурдир. Аҳлоқсиз қизлар халқ орасида яхши исм чиқара олмаслар, эътиборлари ҳам бўлмас.

Гўзал хулқларнинг онаси ҳаё ила иффатдир. Бир қизда агар ҳаё ила иффат бўлса, унда барча яхши хулқлар жам бўлади”.

Улуғбек қори Йўлдошев,

Асака тумани “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими