Бу дунёда ҳамма нарсанинг баҳоси бор.  Олтиннинг баҳоси бор,  нефтнинг баҳоси бор. Лекин тинчликнинг баҳоси йўқ. Тинчлик Аллоҳ таолонинг биз бандаларга берилган улуғ неъматидир. Чунки тинчлик бор жойда ривожланиш бўлади, тинчлик бор жойда фаровонлик ва хотиржамлик бўлади. Тинчлик йўқ жойда яшашда, ибодатда, ҳар-бир амалда ҳаловат бўлмайди.

Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир.

Шундай экан тинчликни асраб авайлаш ҳар бир мўмин мусулмонни зиммасидаги бурч бўлиши билан бир қаторда Пайғамбарларнинг суннати ҳамдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳ алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтадилар:

“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат саломатликдир”.

Ислом динида тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Фақат исломнинг соф ақидаларигина ҳар бир инсон қалбига тинчликни солиши мумкин. Калбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оилалардаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Исломда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар билан тинч яшаш йўл-йўриқлари батафсил кўрсатиб кўйилган.

Сўнгра, бу тинчлик жамиятга ўтади. Ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам исломда белгилаб қўйилган. Давлат миқёсида тинч яшашга эса, қалби тинч, оиласи тинч, қўни-қўшни, қариндош-уруғи тинч, жамияти тинч бўлганда эришилади. Исломда давлат билан фуқаролар орасидаги тинч-тотувлик асослари ҳам, давлатлараро тинч-тотувлик йўл-йўриқлари ҳам мукаммал йўлга қўйилган.

Ислом кўзлаган тинчликда бутун дунё тинчлигига эришилади. Унда барча қалблар тинч, оилалар, жамиятлар ва давлатлар тинч, ҳайвонот, наботот ва бутун борлиқ тинч бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деб таъкидлаганлар. Ҳадиси шарифда ушбу осуда ва тинч бошланган куни учун ҳар ким Яратганга чексиз шукроналар қилиши керак эканини англаш мумкин.

Муборак Ислом динимиз кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради.

Аллоҳ таоло барчамизга тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо қилишимизни насиб қилсин, мустақиллигимиз ва тинчлигимизни бардавом қилсин, осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин, осмонимизни мусаффо этсин!

Юртимиз равнақига  кечасию кундузи жон куюктириб ҳизмат қилаётган Юртбошимиз ва барча диний ва дунёвий раҳбарларимизни қилаётган хайрли ишларида Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлишини сўраб дуо қилиб қоламиз…

Манбалар асосида

Хўжаобод туман “Етти чинор”

жоме масжиди имом  ноиби

Мухаммадкуддус домла Абдулманнон тайёрлади.