Мазҳабсизлик – катта хатар

470

Огоҳлик одам – оқил одам

Мазҳабни инкор этувчилар жонланиб қолган бир даврда яшар эканмиз, уларга аҳли илмларимиз муносиб жавоблар ва раддиялар бериб келишяпти.

Бемазҳаблар “Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида мазҳаблар бўлмаган. Шу боис бирор мазҳабга эргашиш бидъатдир” деб, бугун илмсиз ёшларни ўз домларига тортмоқдалар. Улар Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни мазах қилиб, “Абу Жийфа”, яъни «ўликларнинг отаси”, Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳни эса “Имом Ҳалик”, яъни, “ўлик имом” дейишдан ҳам тап тортмаяптилар.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга тўғридан-тўғри эргашилади деб, мазҳаб имомларини саҳиҳ ҳадисга риоя қилмасдан, ўз ижтиҳодларини ҳадисдан устун қўядилар, дейишмоқда. Аслида, мазкур даъволар жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Уларнинг “мазҳаб”, “мужтаҳид”, “муқаллид” сўзларини тушунмасликлари оқибатида жоҳил бўлиб қолганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромларга фиқҳий масалаларни ўзлари таълим берганлар. У зот Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида: “Эй Муоз, агар бирор ҳукм чиқаришингга тўғри келиб қолса, нима қиласан?” дедилар. У:

– Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қиламан, – деди. У зот:

– Агар Аллоҳнинг Китобидан топа олмасанг-чи? – дедилар. Муоз розияллоҳу анҳу:

– Расулининг суннати билан ҳукм қиламан”, – деди. Набий алайҳиссалом:

– Агар Расулининг суннатидан тополмасанг-чи? – дедилар. Муоз:

– Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан, ҳеч бўшашмайман, – деди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муознинг кўксига қоқиб: “Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага йўллаб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Саодат асрида ихтилофлар йўқ эди. Чунки муаммоларни ечувчиси Набий алайҳиссаломнинг ўзлари эдилар. У зотдан сўнг одамлар янги пайдо бўлган масалаларни улуғ саҳобалардан сўрар эдилар.

Саҳобалар, аввало, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан ечим қидирар, бордию топа олмасалар, қиёсан ҳукм қилар эдилар.

Мазҳаблар тарихига назар солсак, уларни ўз хоҳиш-истагига биноан тузилмаганини, балки улар ўз замонининг зарурати билан шаклланганини англаб етамиз.

Кўплаб уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар. Мазҳабсизлик мужтаҳид бўлмаган кишиларни довдиратиб қўяди. Шу боис Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Мазҳабсизлик энг хатарли бидъатдир”, деган.

Бугунги кунда ўзини ҳанафий мазҳабига нисбат бериб, аммо бошқа мазҳаблардан ўзларига хуш келган томонини олиб кетаётган кишилар ҳам асли бемазҳабдирлар.

Бурни қонаса, таҳорат олиб, эртага “бошқа мазҳабда қон таҳоратни бузмайди” деб, сўнгра икки шубҳа орасида қолиб кетиб, охир-оқибат динсиз ҳолатга тушиб қолиш хатари бор.

Ҳанафий мазҳаби айнан Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи ва салламнинг тутган йўлларига асосланган экан ва бунга машҳур уламолар шубҳа қилмас экан, ихтилофга берилиб, шохдан-шохга сакрашдан нима наф?!

Имом Нафровий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Тўрт имомдан бирига эргашмоқ вожиб эканига мусулмонлар иттифоқ қилишган”.

Демак, мужтаҳид бўлмаган киши ўзи Қуръон  ва суннатдан далил чиқариб олиш имконига эга эмас экан, тинчгина бирор мазҳабга эргашмоғи яхши ва тўғри йўлдир.

Ватанимиз мусулмонлари неча асрлардан бери ҳанафий мазҳабига биноан ибодатларини бажариб келмоқдалар. Бирор киши илмсиз ҳолда: “Мен ҳанафийдан бошқа мазҳабдаман”, дейиши дуруст эмас. Бу иш унинг ўзига зарар беради. Сабаби, бизда бошқа мазҳаблар бўйича фатволар айтилмайди.

Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари тарқалган юртларга сафар қилсалар, намозларини ўша юрт мазҳаби бўйича адо қилар эдилар.

Ҳанафий мазҳабининг улуғ фақиҳларидан Муҳаммад Зоҳид Кавсарий: “Бемазҳаблик – динсизлик кўпригидир” деган.

Раббимиз барчамизни тўғри йўлда собит қилиб, турли ихтилофлардан узоқ айласин!

Дониёр ИКРОМОВ,

Тошкент тумани «Айри ота» жоме масжиди имом-хатиби