Динимиз ҳар ижтимоий сохага эътибор қилади. Мўминни вазифаси Аллоху Таъолони ибодатлари билан, ташқи муомаласи билан, халол юриш-туриши билан, халол еб-ичиши билан, ислом шариатига муносиб кийиниши билан розилигини олишдир. Албатта ҳар бир юртнинг ӯзига хос миллий кийиниши бор.

    Чунки кийиниш маданияти – инсоннинг ташқи кўриниши, маънавий дунёси , эстетикаси, ахлоқий сифатлари ва салоҳиятини очиб беради. Кийиниш маданиятига бўлган қараш инсоннинг гўзаллик, нафосат, одоб борасидаги кўз қарашларини ифода этадиган омил ҳамдир. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки бугунги жадал ривожланиб бораётган даврда кийимлар ҳам, кийинишга бўлган эътибор ва талаб ҳам ўзгариб бормоқда.

    Ёшларимизнинг мода кетидан кўр-кўрона қувишлари ва янги чиққан тор, очиқ, калта либосларни мода дея эътироф этишлари ва бу турдаги кийимлар албатта кийилиши керак деб фикрлашлари айни хақиқат. Бу кийимларнинг миллий маданиятимизга менталитетимизга хос эмаслиги ҳақида эса ўйлаб кўришмаяпти. Афсуски мен бугунги йигит – қизларимизнинг кийиниш маданияти ҳақида ижобий фикр билдира олмайман. Чунки бугун кўча куйда, европага тақлид қилиб кийинаётган ёшларимизда миллийлигимиз акс этган кийимлар тоборо камайиб бормоқда. Аслида кийиниш маданияти хам миллий маданиятимизнинг ажралмас қисмидир. Бу масаланинг жиддий томони шундаки юзага келаётган ушбу муаммо бугунги куннинг мухим долзарб мавзусига айланди. Кўпчилик ёшларимиз европа услубида кийинмасликни замондан ортда қолиш деб хисоблашмоқда. Бу фикрнинг мутлақо нотўғри эканлиги ҳақида фикр юритишмаяпти.

    Европа модаси деб урф бўлган бемаъни кийимларни кийиб ўзини бугуннинг замонавий ёшлари деб хисоблайдиган хар бир йигит қиз қаттиқ адашади ва аксинча улар ўзларининг маънавияти тафаккури ва дунё қараши қанчалик саёз эканлигини “замонавий” либослари орқали намоён этишмоқда. Аслида инсоннинг маданиятга хос кийиниш услуби унинг маънавий олами қанчалик бой эканлигини намоён этувчи мухим омил хисобланади. Шу ўринда бир хақиқатни айтиш ўринли деб биламан. Йигит қизларимизнинг кийиниш маданиятида ота-оналарнинг алоҳида ўрни бор. Танасига ёпишиб турувчи ёки калта ва очиқ кийимларни ўз қизларига олиб бераётган айрим ота-оналар бунинг салбий оқибатларга олиб келишини билишармикан. Афсуски ота-оналар орасида қизларининг кийинишига бефарқ қарайдиганлар талайгина.

     Кийиниш борасида нафақат қизларимиз балки йигитларимиз ҳам тобора “замонавийлашиб” боришяпти. Ҳар хил бемаъни ёзув ва расмлар туширилган футболка, калта шим ва шиппакларда кўчани тўлдириб юришгани айни ҳақиқат. Сигарет чекаётган одамнинг сурати туширилган ёки скелет расми солинган футболкаларни кийишга иштиёқманд  йигитларимизнинг бу ишлари миллий ва диний  маданиятимизга тўғри келмаслигини англай олишмаяпти. Тасаввур қилиб кўринг калта шим ёки футболка кийиб олган ота ёки тор ва очиқ либосга бурканган она ўз фарзандига ибрат бўлиш ўрнига шу муҳитда улғайиши учун замин яратаётгандек гўё. Ҳақиқатки бундай ота-оналар баъзи-баъзида учраб турибди.

   Энг аввало ота-она ўз фарзандини кийинишига эътибор бериши, доимий назорат қилиши зарур.

   Ёшларимиз европача кийимларни кийишга кўпинча тақлидни яхши кўришади ва бу нарса яхши эмас.

   Шунинг учун ҳам Расули акрам алайҳиссалом ўзга миллатга кўр кўрона эргашиш, тақлид қилишдан қайтарганлар:  

«مَنْ تَشَبَّهَ بِقَوْمٍ فَهُوَ مِنْهُمْ» (رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ)

 яъни: “Ким ўзини бирор қавмга ўхшатса у улардандир”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

    Муҳтарам азизлар! Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди.

   Аллоху Таъоло ҳар сохада ўзи мададкор бўлсин.

Анваржон домла Ибайдуллаев

Олтинкўл туман “Уйшин” жоме масжиди имом хатиби