Сохта салафийлик-ақидапараст оқимдир. Улар “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк Ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб оқимдир. Уларнинг даъволари ва кўринишлари нималардан иборат?

    Салафийлар Ислом жамият қурилиши ва давлатчиликнинг асоси бўлиши керак деб ҳисоблайди ҳамда ҳокимият тепасига “ҳақиқий мусулмонлар”ни чиқариш учун фаол ҳаракат қилишни тарғиб этади. Мазкур мақсад йўлида ҳозирги “салафийлик” етакчилари қуйидагиларни мақсад қилмоқда:

   – одамлар онгидан миллий қадрият ва урф-одатларни чиқариб ташлаш:

   – эркак ва аёллар томонидан шариат ҳукмлари кўр-кўрона амал қилинишини таъминлаш, амал қилмаганларга қаттиқ жазо қўллаш:

    – муқаддас жойларни зиёрат этишни тақиқлаш:

   Юқорида зикр этилаётган мақсадларига эътибор қаратилса, уларнинг жамият аҳли ўртасида парокандалик ва зиддият келтириб чиқариш ҳамда аждодларимиздан мерос бўлиб диний қадриятларимизни сўндириб саводсиз қилиш каби разилликлари маълум бўлади. Мана уларнинг асл кўринишлари.

   Минг афсуслар бўлсинки, яқинларимиз, тенгдош ёру-дўстларимиз кўр-кўрона нималарнидир сабаб қилган ҳолда уларнинг пуч хом хаёлларига эргашиб кетишлари кишини ажаблантиради. Ижтимоий тармоқларда ўзидан “Шайх” ясаб олганларнинг пистирмадан туриб чақириқларига лаббай деб кетаётганлар орамизда йўқ эмас. Ижтимоий тармоқлар орқали гўёки мусулмонларга ёрдам бериш мақсадида “ҳижрат” ва “жиҳот”га келишни тарғиб қилувчи видеоролик ва маълумотларни жойлаштираётганлар аслида нобакор сохта салафийлардир.

   Улар “Ҳозирги вақтда дунёнинг барча жойи куфр диёридир, унинг ичида Макка ва Мадина бўлса ҳам”, деб айтади. Агар шариат илмларидан озгина хабари бор инсон ҳам бу гапларни айтишдан ўзини сақлайди. Чунки бир диёрда яшайдиган кишиларни ёппасига кофирга чиқариш ҳамда ушбу давлатларни куфр диёри деб айтиш фақатгина шаърий илмлардан умуман хабари бўлмаган одамнинг сўзи ҳисобланади. Ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бири ҳижрий 970-санада вафот этган, “ал Баҳрур-роиқ” номли китобнинг муаллифи Ибн Нужайм раҳматуллоҳу алайҳ: “Агар бу масалада (яъни бир инсонни амалига қараб кофирга чиқариш) кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса,  тўқсон тўққизтасини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, деганлар.

    Ҳар бир ақлу ҳуши жойида бўлган киши эътибор бериб лоқайдликдан йироқ бўлса ҳамда қуйида келтириладиган маълумотларга диққат қилса, уларнинг кирдикорларидан эхтиёт бўлиб, уларнинг ўстирган тиканзорларидан омон чиқади.

   Сохта салафийлар дунёнинг каерига бормасин, мусулмонлар орасида тушунмовчиликлар, ихтилофлар ва ташвишлар авж олади. Бугунги кунда уларнинг ахли сунна вал-жамоадан оғишганлиги, улар на сахобалар ва на тобеъинлар йулидан юрмаётганлари ўз исботини топиб улгурган. Кўплаб уламолар томонидан уларнинг бузғунчи ғояларига нисбатан илмий раддиялар эълон қилинган. Жумладан ўтган асримизнинг кўзга кўринган етук алломалардан бири марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “салафийлар” деб атаётганларга раддия сифатида “Салафийлик исломий мазҳаб эмас, балки у муборак давр босқичидир” номли асарларида жумладан шундай дейдилар: “Ислом динининг ўтаган ўн тўрт асрлик тарихи давомида бирор мўътабар имом ёки уламодан эшитмаганмизки, мусулмонларнинг ҳидоятда бўлишларининг ҳужжати “салафийлар” деб номлаган гуруҳга мансуб бўлиш ҳисобланса. Балки, “салафийлик” деган гуруҳга мансуб бўлишнинг ўзи айни бидъатдир” (231-232-бетлар).

    Хулоса қилиб айтганда ота-боболаримиз, минг йиллик муъмин-мусулмонлар барчаси аҳли сунна вал-жамоа таълимотида бўлиб келишган. Бирок, йигирманчи мелодий асрнинг ўрталарига келиб, аҳли сунна вал-жамоадан оғишган ваҳҳобийлик оқими тизимидан сизиб, янги ва сохта салафийлик юзага келди. Асрлар давомида Ислом уламолари томонидан ёзилган асарлар ва орттирилган малака, эришилган ютуқларни рад этиб, фақатгина “салафи солиҳлар” даврини эътиборга олиш даъвосида бўлиш сохта салафийликнинг тор моҳиятини намоён этади.

    Бугунги кунимизда юртдошларимиз ичида ҳали ҳам билиб-билмай сохта салафийларнинг асоссиз даъволарининг таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд эканлиги ушбу тоифанинг илдизларини ўрганиб, унинг асл моҳиятини очиб бериш, уни одамларга, халқимизга тўғри тушунтириб бериш долзарб эканлигини билдирмоқда. Айниқса, бизнинг энг асосий вазифамиз ёшларни бундай сохта салафийлар домига тушиб қолишдан асрашимиз ва бунинг учун эса доим огоҳлик билан уларга қарши илмий амалий ахволларимизни яхшилашимиз керак бўлади.

Анваржон домла Ибайдуллаев

Олтинкўл туман “Уйшин” жоме масжиди имом хатиби