Илм – икки дунё саодати. Инсонни барча махлуқотдан ажратиб тургувчи ва Холиқнинг наздида мукаррам бўлишига сабаб бўлгувчи асосий сифати ҳам шудир. Илм амалларнинг бошидир. Ҳар ким бир яхши иш қиламан деса, ўша ишнинг илмини билиши лозим.

Илм инсонни шарафлайди. Аллоҳ таоло айтади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

яъни: “… Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”. (Мужодала, 11).

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ” طَلَبَ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтади:

”Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”. (Байҳақий ривояти).

Ушбу ҳадис билан ҳар бир эркак ва аёлга дин ва дунёиси учун зарур бўлган илмлар фарз бўлади.

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтади: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”.

Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

“Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, – деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.

Демак тлм йўлини тутган инсонларнинг гуноҳлари бошқаларга қарагандан кўпроқ кечирилишидан умид қилишга асос бор.

Вақти-соати келиб илм ер юзидан кўтарилиши бор. Шу маънода Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Илм йўқолишидан олдин уни маҳкам тутинглар, илмнинг йўқолиши илм соҳибларини кетишидир. Илмни маҳкам тутинглар, чунки ҳеч ким қачон унга муҳтож бўлишини билмайди”. (Бўстонул орифийн. Абу Лайс Самарқандий).

Шуни ҳам унутмаслик керакки, илм ўрганишдан мақсад элу-юрт орасида машҳур бўлиш, давраларнинг тўрида юриш ёки шу илм орқали фақатгина дунёвий манфаат эмас, балки Аллоҳнинг розилиги бўлиши лозим.

Тўғри, бу дунёда яшар эканмиз, тирикчилик табиий эҳтиёжимиз эканлигига иқрормиз, лекин илм фақатгина дунё матосини топиш қуроли бўлиб қолмаслиги керак.

Буюк юртдошимиз Абу Лайс Самарқандий ўзининг машҳур “Бўстонул орифийн” асарида илм ўрганувчининг ниятлари ҳақида ёзади:

“Таълим олувчи муҳтож бўладиган нарсанинг аввалгиси – олган илми билан фойдаланиши ва ўзидан ўрганаётган кишига фойда бериши учун ниятини тўғирлаб олишдир. Бас, қачонки ниятини тўғрилашни ирода қилган бўлса, яна тўрт нарсани қасд қилишига тўғри келади:

  1. Илм олишлиги билан жоҳилликдан чиқишга қарор қилиш. Чунки Аллоҳ таоло: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” деган маънода марҳамат айлаган. (Зумар, 9)
  2. Илми билан халққа фойда келтиришни ният қилиш. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонларнинг яхшиси инсонларга фойдаси тегадиганидир”, деганлар.
  3. Илм ўрганиш билан илмни тирилтиришни ният қилиш. Чунки инсонлар таълим олишни ташлаб қўйсалар, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм кўтарилишидан олдин илмни ўрганиб олинглар”, деб айтганларидек, илм кўтарилиб қолади. Илмнинг кўтарилиши олимларнинг кетиб қолишидир.
  4. Илм олиш билан унга амал қилишни ният қилиш, аксини эмас. Чунки илм амал учун асбобдир. Илмсиз амал беҳуда бўлгани каби каби амалсиз асбобни талаб қилиш ҳам беҳуда ишдир. Айтибдиларки, амалсиз илм уволдир, илмсиз амал залолатдир”.

Абдужаббор домла Расулов,

Марҳамат туманидаги “Сулаймон сирли”

жоме масжиди имом-хатиби