Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишлик йўллари бисёр бўлиб уларнинг бири қурбонлик қилишдир. Қурбонлик қилиш бандани Аллоҳга яқин қилувчи воситадир. Қурбонлик қилувчи банда ўзига Аллоҳ берган беқиёс неъматлар қаршисида қурбонлик қилиш билан шукроналик бажо қилган бўлади.
“Қурбонлик” луғатда қурбонлик кунлари сўйиладиган ҳайвондир. Унинг шариатдаги маъноси махсус хайвонни махсус кунларда қурбонлик нийяти билан сўйишдир. Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун қурбонликка тайин қилинган жониворни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлиши талаб этилади. Бу эса Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмас балки У зотга фақат тақво етади халос. Шунингдек, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир…
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Кавсар” сураси 1-2-оятларида: “Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй”, деб марҳамат қилган. Холис Аллоҳнинг Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Худонинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир. Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида: «Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Можа ва ал-Ҳокимлар ривоят қилган ҳадисда эса: «Ким имконга эга бўлиб туриб, қурбонлик қилмаган бўлса, зинҳор намозгоҳимизга яқинлашмасин», дейилган. Ибн Умардан қурбонлик ҳақида «у вожибми?» деб сўралди. У киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар қурбонлик қилганлар», деди. Бас, сўровни яна қайтарди. Бас, у киши: «Ақлингни ишлатяпсанми?! «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар қурбонлик қилганлар», деди». Имом Термизий ривоят қилган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромларга Ислом таълимотларидан тушунтириш олиб борувчи суҳбатларидан бирида Қурбон байрами ҳақида, унинг мусулмон уммати ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритиб қуйидагиларни айтдилар: «Қурбонлик кунини ийд қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун қилгандир», дедилар». Демак, Қурбонлик кунини байрам қилишни Аллоҳ таоло амр қилган экан. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Уни чин кўнгилла чиқарингиз», дедилар». Иккисини ИмомТермизий ривоят қилган. Демак, қурбон ҳайитининг биринчи куни Аллоҳ таоло учун энг маҳбуб иш-қурбонлик сўйиш экан. Бу куни қурбонликка сўйилган ҳайвонлар эса, шундоққина сўйилиб кетавермас, балки, «Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар». Ва қурбонлик қилган банда фойдасига гувоҳлик берурлар. Аммо, бу қилинган қурбонликнинг савоби қиёмат куни аниқланади дегани эмас. «Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур». Қурбонлик қилинаётган ҳайвон томоғига пичоқ тортилганда чиққан қон ерга тушмасдан туриб унинг савоби Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги маконга етиб боради. Бас, шундоқ экан, «Уни чин кўнгилла чиқарингиз». Ўша қон чиқаришни сидқи дилдан, ихлос ила амалга оширингиз. Ушбу ҳадиси шарифда ҳар бир имконини топган мўмин-мусулмон қурбонлик қилиши нақадар савобли иш экани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Қурбонлик ҳақида қўшимча маълумотларга келсак, қурбонлик қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган ҳайвондир. Қурбонлик шариатга иккинчи ҳажрий санада киритилган. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир. Қурбонлик қилиш ҳур, балоғатга ёшига етган, оқил, муқим ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Ҳанафий мазҳаби бўйича мусофирга қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди. Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит кунининг тонги отиш билан киради ва учинчи ҳайит кунининг қуёши ботиши билан чиқади. Фақат қурбонликни ҳайит намозини ўқиб бўлгандан кейингина қилина бошланади. Агар қурбонликка аталган ҳайвон қочиб кетиб ўрнига бошқаси олинган бўлса, кейин аввалгиси ҳам топилиб қолса, иккисини ҳам сўйилади. Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, қўтос, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.
Қурбонлик қилишликнинг ҳикматлари кўп бўлиб уларнинг бири қурбонлик гўштини бева-бечора инсонларга улашишдир. Қурбонликка сўйиладиган ҳайвоннинг бенуқсон ҳамда бақувват бўлиши – қурбонлик гўшти ҳадя қилинаётган инсонларни ҳурмат қилишдир. Илоҳий ҳикмат асосида амр қилинган бу иш ортида жамиятдаги инсонларнинг бир-бирига бўлган ўзаро ҳурмат-эътиборини зиёда қилишликка йўл очишлик бордир.

Исомиддин домла Шамсиддинов,
Андижон шаҳридаги “Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ”
жомеъ масжиди имом-хатиби