Кўиинча инсонлар неъматнинг қадрига қўлдан кетгандан кейингина етадилар. Соғлиқнинг кадри беморликда, бойликнинг кадри фақирлик етганда, тинчликнинг кадри эса нотинчлик вактида билинади. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда таъкидлаб шундай мархамат қилган:
“Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттикдир”(Иброҳим, 7).
Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамду лиллоҳ” дейиш билан адо бўлса, бошка хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини адо этишда тил билан айтилган ҳамднинг ўзи кифоя қилмайди, балки буларга амалий шукр даркор. Масалан, намоз, рўза каби ибодатларни адо қилиш тан соғлиқнинг шукри бўлса, имон ва ислом неъматининг шукри фарзандларимизни имон-эътиқодли, ҳалол, пок қилиб вояга етказишдир. Неъматларнинг энг сараси бўлмиш мустақилликнинг амалий шукри эса ёшларимизни ватанга муҳаббатли қилиб тарбиялаш, десак муболаға бўлмайди. Тинчликнинг қадрини турли ўлкаларда бўлиб турган қўпорувчилик ҳаракатларини, одамларнинг нотинч ҳолатларини кўз ўнгига келтирган одамгина чуқур ҳис қила олади. У ердаги одамларнинг кўнглига ибодат қилиш у ёқда турсин ҳатто еб-ичиш ҳам сиғмайди. Бас шундай экан, маънавий неъматнинг шукрини доим адо этиб турмоғимиз лозим. Инсон берилган бу неъматларга қай даражада шукр қилган ёки қилмагани ҳақида қиёмат кунида албатта сўралади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисда: “Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандасидан: “Танингни соғ қилиб қўймаганмидим? Сени муздак сув билан қондирмаганмидим…?”, деб сўрайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: “Одам боласи қиёмат кунида то беш нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрида нима ишлар қилгани, ёшлик даврини қандай ўтказгани, молини қайси йўл билан топиб, қаерга сарф қилгани ва ниҳоят билганларига қай даражада амал қилгани”, деб марҳамат қилганлар.
Неъматни Аллоҳдан деб билиш, кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга, унга тақарруб ҳосил қилишга ундайди. Аксинча, шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради.
Олимжон домла Каримов
Шаҳрихон туман “Муҳаммад Розиқбой” жоме масжиди имом-хатиби