Инсон борки хатодан холи эмас. Чунки, унинг нафси ва шайтон доимо гуноҳ ишларга ундаб туради. Лекин гуноҳ қилган инсон Аллоҳ таолога чин тавба қиладиган бўлса албатта, Аллоҳ таоло уни кечиради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

قال النبي صلى الله عليه وسلم فيما يرويه أبو هريرة- رضي الله عنه- “والذي نفسي بيده لو لم تذنبوا لذهب  الله تعالى بكم ولجاء بقوم يذنبون فيستغفرون الله فيغفر لهم”.

Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар гуноҳ қилмай қўйсангизлар Аллоҳ таоло сизларни кетказиб, гуноҳ қилиб гуноҳларига тавба қиладиган қавмларни келтиради.

Лекин, бу дегани гуноҳни бемалол қилаверинг, дегани эмас. Ушбу ҳадисда билмаган ҳолатда гуноҳга йўл қўйиб, кейин тавба қилганлар назарда тутилган.  

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа ҳадиси шарифларида инсоннинг хатокор эканлигини марҳамат қилиб айтадилар:

“كلّ بني آدم خطّاء وخير الخطّائين التوّابون”

Одам боласининг ҳаммаси хатокордир. Хато қилувчиларнинг яхшиси тавба қилувчилардир.

Лекин, шу жойда эътибор қилиш керак бўлган бир жиҳат бор. Кўпчилик инсонлар истиғфор фақат тилда бўлади, деб тушунадилар. Яъни, бир киши тили билан “Астағфируллоҳ” деб айтади лекин бу калиманинг асари унинг қалбида топилмайди. Бу ҳолатда айтилган истиғфор ёлғончиларнинг ишидир. Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Гуноҳни тарк қилмасдан айтилган истиғфор ёлғончиларнинг тавбасидир”. Солиҳлардан бирлари айтади: “Бизнинг истиғфоримиз истиғфорга муҳтождир” яъни, кимки Аллоҳга истиғфор айтсаю, лекин гуноҳларни тарк қилмаса унинг истиғфори истиғфорга муҳтождир.

Биз ҳам Аллоҳ таолога истиғфор айтиш билан бир қаторда гуноҳлардан тийилайлик. Тили билан тавба қилиб, гуноҳда бардавом бўлишдан сақланайлик.

Авазбек домла МЎМИНОВ,

Андижон шаҳри “Чинор” жоме

масжиди имом-хатиби