Тафаккур кишини Аллоҳ таолони нақадар буюк ва меҳрибон Зот эканлигини, Қудрат ва Азамат соҳиби эканлигини ҳис қилишга, неъматларга шукр ва синовларга сабр қилишга ундайдиган, ўзининг ҳақир ва ожиз эканлигини эътироф этишга, ибодат ва итоатга рағбатни оширувчи, барча Аллоҳ рози бўладиган амалларни қилишга ҳамда у Зот қайтарган амаллардан қайтишга сабаб бўладиган  хислат. Агар банда Аллоҳ таолонинг оят-аломатларига тафаккур билан қараса, ишончи ва маърифати зиёда бўлади.  Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жудаям кўп ояти карималарида тафаккурга чақиради. Ўзининг яратган нарсаларини зикр қилиб уларда:

“ Тафаккур қиладиган кишилар учун оят-аломатлар бордир”, дея айтади.

Бошқа бир ояти каримада эса: “Шоядки тафаккур қилсаларингиз”, дейди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “ Бир соатлик тафаккур бир йиллик нафл ибодатдан яхшироқдир”, (Ибн Можа) деганлар.

Абу Лайс Самарқандий (роҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: “ Агар инсон тафаккур қилиш фазилатига етишни ҳоҳласа, беш нарса ҳақида фикр қилсин:

1)  Аллоҳнинг мўжиза ва аломатлари тўғрисида;

2)  Аллоҳнинг ботиний ва зоҳирий неъматлари тўғрисида;

3)  Унинг савоби тўғрисида;

4)  Унинг азоби тўғрисида;

5)  Унинг яхшилиги ва ўзининг жафоси тўғрисида”.

Аллоҳ таолонинг мўжиза ва аломатларини тафаккур қилиш Аллоҳ таолонинг қудратига қарашдир. Аллоҳ таоло осмонни ва ерни қандай яратганига, қуёшни шарқдан чиқариб, ғарбга ботираётганига, кеча-кундузни алмашадиган қилиб қўйганига ва ўзининг хилқатига назар солишдир.

Аллоҳ таоло айтади: “Ва Ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?” (Зорият, 20-21)

Атрофга тафаккур ва ибрат кўзи билан қараган киши ҳар қадамда Аллоҳ таолонинг мўжизалари ва ажойиботларини кўраверади.

Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида фикрлаш Унинг неъматларига эътибор қаратишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларга осмонлардаги  ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор  қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?”. (Луқмон, 20) Неъматлар ҳақида тафаккур қилиш инсоннинг Роббисига бўлган муҳаббатини ҳамда шукрини  зиёда қилади.

Аллоҳ таолонинг савоби тўғрисида фикр қилиш эса, У Зотнинг ўз тақводор  бандалари учун жаннатда қандай кароматлар тайёрлаганининг савобини фикрлашдир. Унинг савоблари ҳақида тафаккур қилиш жаннатга рағбатни, унинг талабида ҳаракат қилишни ва Аллоҳ таолонинг тоатига қувватни зиёда қилади.

Унинг азоби тўғрисида фикрлаш эса Аллоҳ таоло душманлари ва итоатсиз кишилар учун дўзахда тайёрлаб қўйган  азоблар ва хорликларни фикрлашдир. Бу эса  бандада қўрқинчни, гуноҳ ва маъсиятлардан тийилиш қувватини оширади.

Аллоҳ таолонинг яхшиликлари ва ўзининг жафоси ҳақида тафаккур қилган киши ўзининг Аллоҳга бўлган осийлиги бардавом бўлишига қарамай, Роббиси унинг гуноҳларини беркитиб турганини, азобламасдан, унга ҳамон ризқини бериб турганини кўради ва унинг ҳаёси ва хижолати зиёда бўлади.

Банда қачонки шу бешта нарса ҳақида фикр қилсагина, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам айтган даражаларга  эришади. Бундан бошқа нарсалар тўғрисида эса фикр юритилмайди. Чунки бундан бошқа нарсаларда қилинган тафаккур шунчаки васваса бўлади.

Уламолар айтишадики: “Уч нарсада тафаккур қилиш мумкинмас.

1)  Камбағаллик тўғрисида. Чунки, у инсонда ғамни ва хафаликни кўпайтиради ҳамда бойликка рағбатни зиёда қилади;

2)  Ўзгалар тарафидан унга нисбатан қилинган зулм ҳақида ҳам тафаккур қилинмайди. Чунки бу қалбни қаттиқлаштаради, ғазаб ва адоватни зиёда қилади.

3)  Узоқ умр кўриш ҳақида тафаккур қилинмайди. Чунки бу ўлимни унуттиради. Дунёга муҳаббатни зиёда қилади ва охират учун амал қилишни кечиктиради.

Демак, ҳар бир банда уйқуга ётишдан олдин бугунги ўтган куни ҳақида тафаккур қилмоғи жудаям афзал амалдир. Агар у бугунги ўтган кунида хайрли ва савобли амалларни топса Аллоҳга ҳамд айтиши, хато ва гуноҳ ишларни кўрса Аллоҳга истиғфор айтиши лозим бўлади.

Аллоҳ  таоло барчаларимизни тафаккур ила ибрат олувчи бандаларидан қилсин.

Анваржон домла ИБАЙДУЛЛАЕВ,

Олтинкўл тумани “Уйшин”

жоме масжиди имом-хатиби