Боланинг ҳақларидан бири чиройли ном билан номланишлигидир. Чунки кишининг исми ҳам унинг руҳиятига таъсир қилар экан. Айрим ота-оналарнинг жоҳилликлари, билмасликлари туфайли маъносиз исмларни қўядилар. Масалан, ўзбек мумтоз адабиётининг намоёндаларидан бири Зокиржон Ҳол Муҳаммад ўғли ҳақида гапирадиган бўлсак, у зот доимо ватанидан айрилиқда, фироқда юргани учун ўзларига “Фурқат” деб тахаллус қўйганлар. Фурқатнинг маъноси айрилиш, бўлиниб кетиш маъноларини беради. Ёки теша, болта деган номларни қўйганлар шу исмли инсонлар ўзларини исмларини ўзгартиришлари мумкин. Расулуллоҳ даврларида ҳам ушбу ҳолатлар бўлганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  уларга чиройли исмлар қўйганлар. Шунинг учун азизлар китоб мутолаа қилиб юрсак, фарзандларимизга қандай чиройли исмларни қўйишни ўрганамиз. “Аҳкомул мавлуд” яъни “Фарзанд тарбиясининг қонун қоидалари” номли китобда зикр қилинишича, фарзандга исм қўйишлик отанинг бўйнида экан. Яъни ўз фарзандига исм қўйишликка ота ҳақлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَأَسْمَاءِ آبَائِكُمْ فَأَحْسِنُوا أَسْمَاءَكُمْ ».

“Эрта қиёмат куни бўлганда сизлар исмларингиз ва оталарингизнинг исми билан чақириласизлар, шунинг учун исмларингизни чиройли қилинглар”,- дедилар.

Шу қаторда уларга чиройли исм қўйиш, маънавиятини, илмини юксакларга кўтариш, жисмоний тарбиясиига эътибор бериб, бирор бир касб-ҳунар йўналтириш ҳам ота-онанинг ҳам фарзанд олдидаги бурчлардан биридир. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم-:» عَلِّمُوا أولادكم السَّباحةَ والمركبة و الرمى و المرأة المُغزَّل»

“Фарзандларингизга сузишни, чавандозликни ва мерганликни, қизларингизга эса тикишни ўргатинглар”, — дедилар.

Бу ҳадиси шарифдан ўғил болаларни спорт билан шуғуллантириб, жисмонан бақувват қилиш ҳам Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  суннати шарифлардан ҳисобланар экан. Чунки у зот: “40 та кучсиз дангаса мўмин эркакдан битта кучли мўмин эр яхши”, — деганлар. 

      Қизларимизга эса аёлларга мос бирор бир касбни ўргатиб, оила қуришга тайрлаб бориш ҳам биз-оналар зиммасидаги масулиятларимиздан биридир. Бу билан қизларимиз бировни уйига келин бўлиб тушганларида шу ўрганган касблари билан машғул бўлиб қоладилар. Агар ёш келин-куёв бир касб-кор билан машғул бўлмай бекор қолишса,  бу бекорчилик ортидан  оилави жанжаллар, турли хил фитна-фасодлар  чиқиб, ҳатто оила бузул кетиш ҳоллара ҳам юз бериши мумкин. Аллоҳ таоло бундай нохуш ҳоллардан ўзи асрасин.

    Ўғил ва қизларимизнинг ўқимишли ва ҳунарли бўлишлари бу оилаларимизнинг тинчлигидир. Аллоҳ Юртимизни тинч, халқимизни фаровон, ҳар бир оилани мустаҳкам қилсин. 

Ботиржон домла Фахриддинов,

“Мирпўстин ота” жоме  

масжиди имом-хатиби