Гўзал ахлоқда ислом оламига намуна бўлган Расули Акрам – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини доимо ҳусни хулққа, хушмуомала бўлишга, ўзаро меҳр-оқибатга, катталарга иззат-ҳурматда, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлишга, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечиришга ва бошқа кўплаб гўзал ахлоқлар билан зийнатланишларига чақирганлар. Айни пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи даражадаги ахлоқи ҳамида соҳиби эканларига асло шубҳа йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят) деб марҳамат қилган.

Муқададс динимиздаги барча ибодатларнинг негизи ва моҳиятида гўзал ахлоқ ётади. Бунга мисол тариқасида қуйидаги оятни келтириш мумкин: “Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур”. (Анкабут сураси, 45-оят). Шу каби рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатларнинг мукаммал ва Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишида ҳам гўзал ахлоқ асосий ўрин тутади. Зеро, имон барча гўзал ахлоқларни ўзида мужассам этади. Мусулмон кишининг гўзал ахлоқи унинг соғлом эътиқоди ва имонининг комиллигига далолат қилади.

Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Мўминларнинг ичида энг имони комили хулқи чиройли бўлганидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши хулқ билан муносабатда бўладиганингиздир”, (Имом Термизий ривояти). Киши имони қандайлигини билмоқчи бўлса, унинг тарозуси чиройли хулқдир.

Отабек домла ҲУСАНОВ,

Олтинкўл тумани “Жалабек ота”

жоме масжиди имом-хатиби