Тинчлик ва осойишталик бандаларга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъматдир. Бунинг акси бўлган нотинчлик, уруш ва бузғунчилик эса ўша тинчликнинг кушандасидир. Бу эса бутун юрт учун, эл учун, халқ учун оғир мусибатдир. Худо сақласин.

Лекин бу кенг оламда тинчликка раҳна солгувчи кимсалар ҳам йўқ эмас экан. Улар шундай кимсалардирки, ўзларининг шахсий манфаатларини бутун инсониятнинг тинчлиги ва осойишталигидан устун кўрадилар. Улар ўз манфаатлари йўлида бутун инсониятнинг қони тўкилишига ҳам парво қилмайдилар, балки шундан ҳузурланадилар ҳам.

Улар террор ва экстремизмни қўғирчоқдек ўйнатаётган ва дунё айвонида уруш оловини ёқаётган манфур кимсалардир.

            Ислом дини таълимотларида дунёда ҳам, охиратда ҳам тинчлик этиборга олинади.

عن أبي هريرة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «…كونوا عباد الله إخوانا».  رواه البخاري، ومسلم وأبو داود و مالك  و الترمذي

            Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилинади — Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

            “Эй Аллоҳнинг бандалари, биродарлар бўлинглар!” (Ёки “Аллоҳнинг биродарлашган бандалари бўлинглар!”) дедилар. Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, молик ривоятлари.

            Экстремистларнинг асосий мақсади эса инсонлар орасида душманликни тарқатиш.

            Экстремизм учун Ислом номи ҳеч қачон асос бўла олмайди ва бўлмаган. Балки, интернет маълумотларида келганидек: “Экстремизмни фақат муайян дин билан боғлаш мутлақо асоссиздир. Хусусан, ислом дини, турмуш тарзи ва қадриятлар мажмуи сифатида ҳеч қачон экстремистик тузилмаларнинг гўёки, дин ва мусулмон жамоаси равнақи йўлида амалга ошираётган террорчилик хуружларининг асосий сабаби сифатида қаралиши мумкин эмас.

Террор ва экстремистик уюшмалар бугунги кунда турли шаклларда намоён бўлмоқдалар. Булар ичида хавфлироғи динни ниқоб қилиб олганларидир. Динни ниқоб қилиш манфур кимсаларга қўл келади. Чунки диндор инсон табиатан Худо учун жонини ҳам аямайди. Диндорликни даъво қилганлар орасида эса содда ва анойилар ҳам топилиб туради. Айнан шулар диний экстремистик гуруҳларга катта куч бўлади.

Қўпорувчи гуруҳларнинг турлари кўп бўлгани каби уларга тобе бўлгувчи миллат ва динлар ҳам турлидир. Шулар ичида айнан мусумон фарзандлари ҳам борлиги ҳар қандай мусулмон кишини ғафлатда қолдирмаслиги керак.

Бутун дунёда тинимсиз портлатишлар, қўпоришлар бўлиб турган бир замонда бизнинг Ўзбекистонимизда тинчлик ҳукм суриши бизлар учун жуда ҳам улуғ неъмат, бироқ бу дегани бизларни бефарқликка олиб келмаслиги керак. Чунки бугун қўшнимизнинг уйида содир бўлган ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилмасак, эртага бизнинг уйимизга ҳам ўт кетиши ҳеч гап эмас.

Шундай экан юртимизни турли фитналардан сақлаган Парвардигорга шукрлар қилиб, доимо огоҳликда бўлишимиз лозим. Айниқса фарзандларимизга бу тинчликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини тушунтира билишимиз, бунинг натижасида авлодлар шуурида тинчликка шукрона туйғуларини шакллантириш ҳаммамизнинг ва ҳар биримизнинг доимий вазифамиздир.

Муҳаммадшукур домла МИРЗАҚОБУЛОВ,

Асака тумани «Сиддиқ ҳожи»

жоме масжиди имом ноиби