Хайру-эҳсон барака омили

743

Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлиши хабарини берган. Иброхим сурасининг 31-оятида шундай мархамат қилади:
“(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат)келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!”
Бутун оламнинг Парвардигори карами кенг, саховати чексиз бўлган зотки, У ўз хазинаи ғайбиясидан бандаларига қанча инъом қилса-да, ундан ҳеч бир нарса камаймайди. Парвардигоримиз биз бандаларини ҳам Ўзининг сифатларидан ўрнак олиб, доимо хайру саховатли бўлишга ва эҳсон қилишликка буюради.
Оли Имрон сурасининг 92-ояти каримасида эса шундай дейилади:
“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жанатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”.
Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам инфоқ-эҳсон қилишликка буюриб Адий ибн Хотим (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай мархамат қилганлар:
“Хурмонинг ярмини инфоқ-эҳсон қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар”.
Жонажон юртимизда рамазони шариф ойи давомида бу ойни ғанимат билиб, юртдошларимиз қўлларидан келганича хайр-саҳоват, меҳр-муҳаббат ва мурувват улашдилар. Рамазон ойи ортда қолган бўлсада вилоятимиз аҳолиси томонидан манашундай хайрли тадбирлар яна давом эттирилмоқда.
Куни кеча Мархамат тумани бош имом-хатиби бошчилигидаги масжид ахли Мархамат туманида “Обод туман” дастури буйича олиб борилаётган курилишларида ишлаётган бир қатор харбий хизматчилар ҳолларидан хабар олдилар. Уларга озиқ-овқат махсулотлари ва 1 та куй эҳсон қилдилар.
Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни берадиган эҳсон ва мурувватларимиз, яхшилик ва садақотларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчилар сафидан жой олишимизни насиб айласин.

Мархамат тумани бош имом-хатиби Мухторжон домла Шарофиддинов