ИХЛОС ВА НИЯТ

1054

Ибодатда ихлос ва ният алоҳида ўрин тутади. Ибодатнинг сиҳҳати, қабулияти ундаги ниятга боғлиқ. Ихлос ва ният шу даражада аҳамиятлики, у билан ибодатлар ухровий ва дунёвийга ажраб кетади. Ташқи кўриниши ибодат бўлиб кўринган амалга риё, ужб каби дунёвий ғаразлар аралашиб қолса охират амалидан дунё амалига айланади. Аммо ташқаридан қаралганда дунё амалидек кўринган амаллар тўғри ният билан охират амалига айланади. Мисол тариқасида, бир вақтда вафот топган икки кишини оламиз: Бири масжидда жон берди; иккинчиси тунги клубда. Масжидда ўлган жаҳаннамга, тунгги клубдагиси эса жаннатга дохил бўлди. Нима учун? Тунгги клубда жон берган одам у ерга яхшилликка даъват учун кирган эди. Қазо етиб ўша ерда вафот этди. Масжидда ўлган эса, намозхонларнинг нарсаларини ўғирлаш учун кирганди. Ажали етиб ўғирлик жараёнида ўлди. Уларнинг ниятидан бехабар одам жон топширган маконларига қараб уларнинг оқибати ҳақида хулоса бериши мумкин. Масжиддаги жаннатга, тунгги клубдаги жаҳаннамга. Аммо уларнинг нияти борар жойларини алмаштириб юборди. Ана ниятнинг аҳамияти!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Амаллар ниятга боғлиқдир”, деб марҳамат қилганлар. Бу мазмундаги ҳадисни уламолар “диннинг ярми” деб баҳолаганлар. Бундан ташқари ибодатдаги ихлос ва ният ҳақида кўплаб ҳадис ва саҳобаларнинг таълимлари ворид бўлган. Қуйида улардан бир қанчасини бирга баҳам кўрамиз:
1- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлоси Савбон розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ билан бир йиғинда бирга ўтириб қолдим. Ул зот: “Амалларида Аллоҳнинг ризолигини кўзловчи ихлослиларга Тубо бўлсин-ки, улар билан ҳар қандай фитна зулмати ёришиб кетади”—дедилар.

2- Довуд ибн Муҳаммад Абу Абд Наббожийдан эшитиб айтади: Бешта хислат бор, ўшалар билан кишининг иймони мукаммал бўлади: Аллоҳни танимоқ; ҳақ билан ботилни фарқига бормоқ; амалларни ихлос ила Аллоҳ учун қилмоқ; Амалларни суннатга мосламоқ; ҳалолдан емоқ. Булар билан иймон камол топишлигининг маъноси шуки, банда Аллоҳни танисаю аммо ҳақ билан ботилни фарқига бормаса, унга маърифати фойда бермайди. Шунингдек, ҳақни билсаю, аммо Аллоҳни танимаса бунда ҳам унга ухровий манфаат йўқ. Агар Аллоҳни таниса, ҳақ билан ботилни ҳам ажратса, бироқ амалларида ихлос етишмаса у ҳам бесамардир. Аллоҳни ҳам, ҳақни ҳам таниб, амалини ихлос ила бажариб лекин суннатга хилоф иш қилса унинг ҳам фойдаси йўқ. Мабодо тўрт шартни тўлиқ бажариб лекин ризқини ҳаромдан топса бунда ҳам нафлана олмайди.

3- Рабийъ ибн Анасдан ривоят қилинди: Диндорликнинг аломати амалдаги ихлос, илмдорликнинг аломати эса Яратгандан қўрқмоқдир!

4- Абдулазиз ибн Руфай Абу Сумомадан ривоят қилади: Исо пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаворийлари сўради: Аллоҳ учун ихлос қилиш нима? У киши деди: Амал қилганда унинг ортидан одамларнинг олқишларини кутмаслик ихлосдир! Улар яна сўради: Аллоҳ учун насиҳат қилувчи деб кимга айтилади? У киши жавоб берди: Аллоҳнинг ҳаққини одамларнинг ҳаққидан юқори қўя олган, олдида бири дунёвий иккинчиси ухровий бўлган икки иш кўндаланг бўлганда дунёвийсидан ухровийсини устун қўя олган киши Аллоҳ учун насиҳатгўй кишидир!

5- Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Солиҳ амал бу шундай амалки, уни амалга оширганда Аллоҳдан бошқасидан мақтов умид қилинмайди!
Аллоҳ таоло барчаларимизни амалларни ихлос билан қиладиган бандалар қаторида қилсин!

Авазбек домла МЎМИНОВ,
Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом-хатиби