ИХЛОС ВА НИЯТ (давоми)

939

Худди шу сарлавҳали мақоламизнинг биринчи қисмида амалдаги ихлос ва ниятга доир бир неча ривоятлар келтириб ўтилган эди. Амалда ният ва ихлоснинг ўрни муҳим бўлгани учун бу мавзудаги мақолани яна давом эттиришни мақсад қилдик. Чунки ният ва ихлос ҳақида қанча кўп ёзилса ҳам арзийди. Саҳобалар айтар экан: “Биз амал қилиб чарчамас эдик. Лекин амалардаги ниятларимизни тўғрилаб чарчар эдик”. Бу нимани англатади, ният амал қилувчидан жиддий эътибор талаб қилишини англатади. Дарҳақиқат Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Мўминнинг нияти амалидан яхшидир”. Келинг бу мақолада ҳам ўзимиздан эмас, салафларимиздан ният ва ихлос ҳақида айтилган пандномаларни келтирсак:
1- Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Ҳамза исмли ўғли айтади: Ибодат ва дуосини ихлос ила адо этганларга, кўзига кўринган нарсалар қалбини чалғитмаганларга, қулоғига эшитилган нарсалар билан Аллоҳни унутиб қўймаганларга, бошқаларнинг ютуқлари қалбини махзун қилмаганларга Жаннатдаги тубо бўлсин!

2- Абдулвоҳид ибн Зайд раҳматуллоҳи алайҳи деди: Ижобат ва ихлос иккови бир йўлда ҳамроҳдир! Асло бир-биридан айрилмайди!

3- Муҳаммад ибн Валид раҳматуллоҳи алайҳи ҳикоя қилади: Халифа Умар ибн Абдулазиз бир одамни учратди. У қўлида тош доначаларини ўйнаган ҳолда: “Эй Раббим менга охиратда ҳурлардан завжа бергин”—деб дуо қиларди. Умар ибн Абдулазиз ғазабланиб: “Қандаям нодон хатиб экансан. Қўлингдаги тошларни улоқтириб, ихлос билан дуо қилсанг бўлмайдими?!”—деб койиди.

4- Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Амалларингизни қабул бўлиши тўғрисида, уни амалга оширишдагидан кўра кўпроқ ташвиш чекинг. Эшитганмисиз, Аллоҳ: “Албатта, Аллоҳ тақводорлардан қабул қилади”—деб айтган. (Моида -27)”.

5- Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилинди: Одамларнинг кўз ўнгида яхши амал қилиб намоён бўлишингиз мумкин. Аммо ният холис Аллоҳ учун бўлмаса, барибир одамлар сизни ёмон кўриб қолади. Чунки у амалингизни Аллоҳ ёқтирмаган. Баъзида эса одамларнинг наздида ёмон амал қилишингиз мумкин. Аммо ниятингиз холис Аллоҳнинг ризолиги бўлса, Аллоҳнинг муҳаббатига эришиб, бунинг баракоти ила одамларнинг ҳам меҳрини қозонасиз.

6- Муҳаммад ибн Восиъ раҳматуллоҳи алайҳи деди: Банда Аллоҳга юзланганда, Аллоҳ одамларнинг қалбини ўша бандасига юзлантириб қўяди.

7- Абдураҳмон ибн Жарир Абу Ҳозимдан эшитган экан: Қалблар маънавий иллатлардан покланганда кабира гуноҳлар кечирилади. Банда гуноҳлар таркига қасд қилса, у томон футуҳотлар кела бошлайди.

8- Яҳё ибн Абу Касир айтади: Фаришталар банданинг амалини даргоҳи илоҳийга кўтариб чиқишади. Қачонки манзилга етганларида Аллоҳ: уни сижжинга ташланглар, чунки бу амал билан Менинг ризолигим мақсад қилинмаган!—дейди.
Аллоҳ таоло ҳар биримизни амалларимизда тўғри ният ва ихлос неъматига мушарраф қилсин. Ўзидан бошқасини хурсанд қилиш учун, бандасининг кўнглини овлаш учун амал қилишдан асрасин! Ихлос ва тўғри ният ҳамиша ҳамроҳимиз бўлсин! Ибн Абу Дунёнинг “Ихлос ва ният” асари асосида

Авазбек домла МЎМИНОВ,
Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом-хатиби