Ҳудои таолони бандаларига бераётган неъматлари ичида фарзанд неъматининг ҳам алоҳида ўрни бор. Шу боис ҳар бир ота-она фарзанди дунёга келган ондан бошлаб, унга бутун меҳрини беради, бор имконини сарф этади, баркамол бўлишини ният қилиб тарбиялайди. Кўзланган мақсад эса, фарзандларнинг бахти, эртанги кунининг порлоқ бўлишидир. Тарбия ҳақида Юртбошимиз бундай таъкидлайдилар: “Биз соғлом авлодни тарбиялаб вояга етказишимиз керак. Соғлом киши деганда фақат жисмоний соғлом эмас, балки шарқона одоб-аҳлоқ ва умумбашарий ғоялар руҳида камол топган инсонни тушунамиз”.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам айтдилар: Ота-она ўз боласига гўзал одобдан кўра афзал нарса бера олмайди”. Албатта, фарзанд илмли ва одобли бўлса ота–она ҳурматини ва ҳақ-ҳуқуқларини яхши адо қилади. Оилада яхши тарбия топган фарзанд яхши ва ёмонни фарқлай олади. Қайси оилада, қайси маҳаллада ёшлар тарбияси яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла, ўша юрт  гуллаб яшнайди. Бу эса жамиятнинг равнақ топишига олиб келади. Диндаги муҳим вазифалардан  бири албатта бу фарзанд тарбияси ҳисобланади. Демак, ушбу масъулиятни  хис этган ҳолда барча ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор беришликлари ва хар қандай шароитда ҳам фарзанд тарбияси билан  шуғулланишга вақт топишлари лозим. Сарвари коинот: «Ҳар бир чақалоқ Ислом  фитратида туғилади, токи тили гапирувчи бўлгунча (шу ҳолда бўлади). Кейин эса, ота-онаси уни яхудийлаштиради ёки насронийлаштиради, ёки мажусий қилиб тарбиялайди»– дедилар.  Бу ҳадисдан маълум бўладики Ислом фитратида дунёга келган болалар ота-онанинг бепарволиги сабабли тарбиясиз, хулқи ёмон ва энг асосийси  турли нотўғри йўлларга кириб кетишликлари турган гап. Демак, ёшлардаги ёмон ахлоқ ва унинг ноҳуш оқибатлари учун аввало, ота-она, махалла, устоз мураббийлар ва қолаверса барчаларимиз масъул эканлигимизни эсдан чиқармаслигимиз зарур бўлади. Шу ўринда одоб-ахлоққа далолат қилувчи баъзи бир ҳадисларни келтириб ўтамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Фарзандларингизга одоб ўргатинг ва одобларини чиройли қилинг». Ва яна «Фарзандларингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргатинг». Демак хар бир ота-она ўз фарзандини ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориши лозим бўлади, зеро, илму фаннинг қайси сохасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқиб-ўрганиб маълумот хосил қилган фарзанд, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳис салом  яна бир ҳадисларида: “Инсонларнинг энг яхшиси бошқа инсонларга манфаати, фойдаси тегадиганидир” – дедилар. Айниқса ҳозирги мураккаб вазиятда, яъни карантин тартиб –қоидаларига қатъий риоя қилиш асосида таълим муассасаларида ўқишни давом эттиришлари учун фарзандларимизга янада эътиборли бўлишимиз лозим бўлади. Уларга ўқиш учун қулай шароитлар яратиб беришлигимиз, ўзлари ёқтирган касб-хунарга йўналтиришлигимиз керак. Ҳар бир ота-она фарзандларини кўча-куйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя ҳатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, жуда гўзал хулқ эгаси бўлишга  чақиришлари лозим. Мана шундай ҳолатда фарзанд тарбиялаган ота-она албатта фарзандидан яхшилик ва меҳрибонлик кутишлиги мумкин.                                                                                 Дархақиқат, баъзи бир ота-оналарнинг бепарволиги оқибатида ёш фарзандларимизга ҳар хил турдаги бемаъни телефонлар олиб бермоқдамиз ва улар шу телефонлар орқали  беҳуда ўйинларни ўйнаб ёки уятсиз ҳар хил видео филъмлар ва картиналар кўриб хулқи одоблари бузилиб кетишига ўзимиз катталар сабаб бўлмоқдамиз. Шунинг учун бора-бора булар катта муаммога айланиб кетмасдан аввал, ҳар биримиз мана шундай иллатларни олдини олишимиз ва фарзандларимизнинг ҳулку-одобига эътиборли бўлайлик.  

Искандар домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом- хатиби