Қабристонлар, зиёратгоҳлар ва қадамжоларни зиёрат  қилиш  динимизда тарғиб этилган амаллардан. Ислом динида дастлаб қабристонларни зиёрат қилиш ман қилинган эди. Негаки, жоҳилият даврида араблар мусибат етганида Аллоҳнинг тақдиридан норози бўлиб ғазабланишар, қабр тепасига бориб дод-фарёд солишарди. Кейинчалик саҳобаларнинг қалбларига иймон чуқур ўрнашиб, эьтиқодлари мустаҳкам бўлгач, уларга қабрларни зиёрат қилишга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам руҳсат бердилар.

    Қабристонни зиёрат қилишдан мақсад нима? Аввало охиратни эслаш. Бу ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзининг муборак ҳадиси шарифларида айтиб ўганлар: “Сизларга қабр зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро, у сизга охиратни эслатади” (Имом Термизий ривоятлари).

   Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қабристонларни зиёрат қилишнинг  ҳикматларидан асосийсини эслатиб ўтмоқдалар. У ҳам бўлса, охиратни эслашдир. Охиратни эслаган одам эса дунёни қўйиб, охират ҳаракатини кўпроқ қилади. Яна ўлганларни кўриб, ибрат олиш, ўлимни ёдга олиш, дунё муҳаббатини кетказиш, манманлик, мақтаниш ва ғурурланишни  тарк қилиш ҳам қабристон зиёратининг ҳикматларидандир.

   Қабристонга кирганда дастлаб ўтганлар ҳаққига дуо қилинади. .Дунёдан ўтган марҳум ва марҳумаларни доимо яхши фазилатлари билан тилга олиш бизнинг бурчимиздир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда: ”Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” дея марҳамат қилинган.

   Инсон қабиристонга кирганда сокинлик билан ўзини тутиши ва юриши керак. Ўтганларни руҳларидан  шифо, ҳожат сўрашлик, дарахтларга ҳар хил латта бойлашлик, бақириб суҳбатлашишлик, қабрни айланиб тавоф қилиш, қабр олдида суратга тушиш шариатга зид ҳисобланади.

   Аллоҳ таоло барчаларимизни эшитган ва кўрган нарсаларимиздан ибрат оладиган ва ҳаётимизни Ўзи рози бўладиган тарзда ўтказадиган бандаларидан қилсин.

Нодирбек домла Кенжаев

Андижон шаҳри “Бобо Таваккул” жоме масжид имом-хатиби