Маъмар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир», дедилар». (Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган). Шарҳ: Луғатда бир нарсани ушлаб туриш «эҳтикор» деб айтилади. Шариатда эса сотиб олинган нарсани нархни ошириш учун қасддан сотмай ушлаб туришга «эҳтикор» деб айтилади. Ушбу таърифдан эҳтикор бўлмайдиган ҳолатлар ҳам аён бўлади. 1. Ўзи етиштирган нарсани ушлаб    туриш эҳтикор эмас. 2. Қайта сотиш учун эмас, ўз эҳтиёжи учун сотиб олган нарсани ушлаб туриш ҳам эҳтикор эмас. 3. Бошқа юртдан сотиб олиб келинган нарсани ушлаб туриш ҳам эҳтикор эмас. Агар доимий равишда олиб келадиган одам бўлсаю, нархни сунъий равишда орттириш мақсадида ушлаб турса, эҳтикор бўлади. Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсаларнинг эҳтикорига алоҳида қараганлар. Биринчисини мутлақо мумкин эмас, десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас, деганлар. Эҳтикор ҳақида юқоридаги мазкур ҳадисдан бошқа бир қанча ҳадислар ҳам келган, улардан баъзиларини зикр қилсак, мавзуни яна ҳам очиқроқ тушунишимизга ёрдам берса, ажаб эмас. Имом Аҳмад, Баззор, Ҳоким, Дорақутний ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таомни қирқ кеча эҳтикор қилса, батаҳқиқ, у Аллоҳдан воз кечган, Аллоҳ ундан воз кечган бўлади. Қайси юртнинг аҳлидан бир киши оч ётган бўлса, батаҳқиқ, улар Аллоҳнинг зиммасидан тушган бўлурлар», деганлар. Баъзилар айни ушбу ҳадисга суяниб, эҳтикор фақат таомда бўлади, дейдилар. Лекин жумҳур уламоларимиз эҳтикор ҳақидаги ҳадислар кўп, улардан фақат битта ҳадисда таом зикр қилинган, бу эса эҳтикор фақат таомда бўлади, дейишга асос бўла олмайди, дейдилар. Бошқа ҳужжат ва далиллар ҳамда воқеълик эҳтикор таомдан бошқа нарсаларда ҳам бўлишини кўрсатади

Масалан ҳозирги Пандемия даврида дорихонадаги дориларни сотиб олиб сақлаб қўйиш ҳам ушбу гуноҳлар сарасига киради.  Банда учун Аллоҳ ундан юз ўгиришчалик катта бахтсизлик йўқ. Кўпчилик истеъмол қиладиган таомнинг нархини сунъий равишда ўстириш учун эҳтикор – монополиячилик билан шуғулланадиган кимсалар бу ҳақиқатни тушунишлари ҳамда бу ҳаром ишларидан тезда воз кечишлари лозим. Имом Ибн Можа, Доримий ва Байҳақийлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жалб қилувчи ризқлантирилгандир. Эҳтикорчи лаънатлангандир», деганлар. «Жалб қилувчи» бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келиб сотувчидир. Демак, бу иш яхши иш. Уни қилган одамнинг ризқи улуғ бўлади. Аммо ўз юрти бозорида энг керакли нарсаларни сотиб олиб, ушлаб туриб, сунъий равишда нархни орттирувчи – монополиячи эса малъундир-лаънатлангандир… Демак, эҳтикорчи бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қаттиқ азоб-уқубатларга дучор бўлар экан. Аслида нархни чегаралаб қўйиш вақтинчалик фойдали кўрингани билан алдамчидир ва аслида зарар келтиради. Аввало, нархни чегараланганидан зарар кўрган тожирлар ўз фаолиятларини тўхтатишади. Бу ҳол эса эл-юртга бошқа томондан ризқ келишини ман қилиш билан баробардир. Айниқса, бу ишга эҳтикор – монополия аралашса, яна ҳам ёмон бўлади.. Ҳозир эҳтикорчи – монополиячи шахслар, ширкатлар, халқаро ширкат ва бошқа тарафлар турли йўллар билан нархларни сунъий тарзда ошириш, бозорда фақат ўз молини қолдириб, у молни қандай бўлишидан қатъи назар, энг юқори нарх¬да сотиш йўлларини қидиришмоқда. Бунинг учун катта-кичик бозорлардаги молларни сотиб олиб, ўз нархини қўйиб сотиш, бозорга зўравонлик йўли билан ўзидан бошқани йўлатмаслик, турли қонунлар чиқариш каби чораларини ишга солишмоқда.Булар ҳам эҳтикорликни бир кўриниши.Барча тожирларга Аллоҳ ўзи инсоф берсин.

Нурилло домла Бойматов,

Андижон туман “Файзибой хожи” масжиди имом-хатиби