Дуо қалб маҳсули. Банда билан Тангри таоло ўртасидаги энг яқин ришта. Айниқса инсон бошига мусибат етганда қилган дуоси, агар дуо қилиш шартлар адо қилинса, иншооллоҳ, Аллоҳ билан банда ўртасидаги пардалар кўтарилгай. Фақат, бизлар кўпинча бандалик вазифамизни адо қилмай гуноҳга берилиб кетганлигимизва Аллоҳнинг буйруқларини адо қилишга лоқайд бўлиб қолганлигимиз туфайли пардани оча олмаймиз.

Баъзан шунчалар йиғлаб, зорланиб дуо қилсак ҳам негадир дуоларимиз қабул бўлмаётганга ўхшайди. Бу борада Иброҳим ибн Адҳамдан сўраганларида шундай жавоб берган эканлар: “ Ўнта нарса ила қалбларингиз ўлиб қолган:

    1. Аллоҳни танийсиз, аммо Унинг ҳаққини адо қилмайсиз.
    2. Аллоҳнинг Китобини ўқийсиз, лекин унга амал қилмайсизлар.
    3. Иблиснинг душманлигини даъво қиласизлару, унга дўстлик қиласиз.
    4. Расулуллоҳнинг муҳаббатини даъво қиласиз, аммо асар ва суннатларини тарк қиласиз.
    5. Жаннатни яхши кўришликни даъво қиласиз, аммо унга лойиқ амал қилмайсиз.
    6. Дўзахдан қўрқишликни даъво қиласиз, аммо гуноҳлардан қайтмайсиз.
    7. Ўлимнинг ҳақлигини даъво қиласиз, аммо унга тайёргарлик кўрмайсиз
    8. Бошқаларнинг айблари билан машғул бўласиз, ўзингизнинг айбларингизни ташлаб қўясиз.
    9. Аллоҳнинг (берган) ризқини ейсизу, унга шукр қилмайсиз.
    10. Ўликларингизни дафн қиласизу, ибратланмайсиз”.

Аввало қалбларимизни покласак, иншо-Аллоҳ дуоларимиз ижобат бўлгай. Фақат баъзи дуоларимиз борки, бизнинг фойдамиздан кўра зараримиз кўпроқ бўлади. Биз уни билмасакда, меҳрибон Парвардигоримиз илми азали билан билганлиги сабабли сўраганимизни бу дунёда бермаслиги мумкин. Аммо унинг савобини Охиратда берадики, буни кўриб банда “қанийди дуоларимнинг ҳаммаси ҳам дунёда қабул бўлмаган бўлсаю, бугун унинг ажрини кўрсам эди” деб юборар экан.Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни мазлумнинг дуосидан огоҳлантирганлар. Чунки мазлумнинг дуоси билан Аллоҳ таоло ўртасида ижобатни ман қилгувчи парда бўлмайди.

Ривоят қилишларича шайх Али Тантовий Шомда қозилик лавозимида эди. Бир куни дўстларининг даврасида ўтирганларида бирдан нафаси қаттиқ қисила бошлади. Шайх дўстларидан кетиш учун рухсат сўради. Аммо суҳбат чиройли маромда бўлганлигидан даврадагилар сира кўнмас, балки тонг отгунгача бирга ўтиришни сўраб қаттиқ илтимос қилиша бошлашди. Бироқ қозининг ҳам соғлиги кўтара олмас эди. Уларга ташқарига чиқиб тоза ҳаводан нафас олмаса бўлмаслигини тушунтириб ўзи ёлғиз тун қоронғусида ташқарига чиқди.

Йўлда кетаётиб бир тепалик ортидан ўтаётганида аёл кишининг зорланиб, ёлбориб илтижо қилиб, дуо қилаётгани қулоғига чалиниб қолди. Астагина ўша томонга бориб қараса, бир пажмурда аёл йиғлаб, Аллоҳга ёлбориб дуо қиляпти.
қози аёлнинг ёнига бориб йиғлашининг сабабини сўради. Аёл дардини оча бошлади:

  • Эрим золим ва бағритош одам. Ўзимни уйдан ҳайдаб чиқариб, болаларимни олиб қўйди ва уларни қайта кўрсатмасликка қасам ичди. Энди менинг бордиган жойим ҳам, ёрдам сўрайдиган кишим ҳам, бирор паноҳим ҳам йўқлигига йиғлаяпман.
  • Ундай бўлса қозига учрасангиз бўлмайдими?
  • Мен бир нотавон кимса бўлсам, қозининг олдига қандай қилиб бораман. Борганим билан менинг арзимга биров қулоқ солармиди?

Али Тантовий бу сўзлардан ниҳоятда таъсирланиб йиғлаб юборди.

  • Эй, табаррук инсон! Аллоҳнинг Ўзи қозини Сизнинг олдингизга судраб келтирибди-ю! – деди шайх йиғламсираб.

Минҳожиддинов домла Қамариддин,

Марҳамат тумани “Ўқчи” жомеъ масжиди имом-хатиби