Деҳқончилик ва зироат улуғ ва фазилатли амалдир. Чунки Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса, деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканлигига далолат қилади. Бунга мисол тариқасида қуйидаги оятларни келтириш мумкин: “Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, ғуж-ғуж мевали, новдалари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик)” (Қоф,9-11 оятлари). Ушбу оятда барча ҳосиллар Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ризқ қилиб берилгани баён этилди. Инсон эса ўз ризқига бефарқ муносабатди бўлиши мумкин эмас.Аллоҳ таборака ва таоло бу ояти карималари билан биз бандаларни тафаккурга чорламоқда, кундалик турмушимизда Ўзи яратган қонуниятлар асосида такрор-такрор содир бўлиб тургани учун одатий ҳолга айланиб қолган экиннинг униб чиқиш ҳодисаси ҳақида бир дам ўйлаб кўришни буюрмоқда: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми? Эккан уруғингизни ундирувчи, уни экин ва сунбулага айлантиб, мева ёки бошоқ-дон берадиган ҳолатга келтирувчи сизми, Менми?. Ишларинг фақат ерни кавлаб, уруғ сочиш (экиш) ва суғориб қўйишдан иборат эмасми? “Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” Бу ояти каримада Аллоҳ таоло экин экишни бандага, ундириб чиқаришни Ўзига боғлиқ эканини баён этган. Чунки экиш банданинг иши, унинг ихтиёри билан бўлади. Ундириб-ўстириш Аллоҳ таолонинг феълларидан бири, истаса ўстиради, истамаса йўқ. 

Мовардий Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Ҳеч бирларингиз (экин) ўстирдим” демасин, балки “экдим” десин. Ҳар ким ерга уруғ сепаётганида истиъоза (Аъузу) ни ўқигандан кейин оятини ўқисин. Сўнгра: “Ундириб-ўстирувчи вояга етказувчи Аллоҳ таолодир. Ё Аллоҳ, Муҳаммад (с.а.в.) га саловот ва салом йўлла, бу экиннинг мевасидан бизни бахраманд эт, зараридан узоқ қил. Бизни неъматларингга шукр қилувчи, лутфи эхсонларингни зикр этувчи бандаларингдан айла. Эй Оламларнинг Парвардигори, буни бизга баракали қилгин”, деб дуо қилсин. Бундай дуо ўқиш экин-тикиннинг қурт-қумусқа, чигиртка каби барча бало-офатлардан сақланиши гарови дейилган. Қуртубий бу дуони ишончли кишилардан эшитгани ва у тажрибадан ўтканини айтади. 

Анас (р.а.) дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) ансор ерларидан ўтаётиб, улардан сўрадилар: “Сизларни экин экишдан нима тўсмоқда?” Улар: “Қурғоқчилик” деб жавоб беришди. Шунда у зот: “Йўқ, ундай қилманг, чунки Аллоҳ таоло: “Ундириб ўстирувчи зот Менман. Истасам, сув билан, истасам, шамол билан, истасам, уруғ билан ўстираман”, деб марҳамат қилган, дедилар. Сўнг: “ Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми? Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” ояти карималарни ўқидилар. 

Табийки, деҳқончилик қилиш учун унинг тақвимини яхши билиш керак. Аксинча, экин-экиш дарахт ўтказиш вақтини билмаслик зироат ва боғдорчиликнинг касодга учрашига сабаб бўлади. Деҳқончилик бизга аждодларимиздан мерос Юртимиздан етишиб чиққан буюк тариқат номоёндаларининг аксарияти деҳқончилик билан шуғулланишган. Хожа Муҳамад Бобо Самосий- боғбон, Хожа Баҳоуддин Нақшбан ўз ерларига буғдой , мош ва бошқа экинлар экиб тирикчилик қилганлар. Сохибқирон Амир Темур бобомиз ҳам янги ерларни ўзлаштириб, деҳқончилик қилишга алоҳида эътибор берган эдилар. 

Она-диёримизнинг бепоён ҳудудларида, айниқса,қишлоқ минтақаларида яшовчи ҳар бир инсонга фаровонлигимизнинг асосларидан бири-деҳқончилик, зироат экани яхши маълум. Ҳозир ватанимизнинг қайси бир худудига борманг, Аллоҳнинг марҳамати ва деҳқон меҳнатига гувоҳ бўламиз. Ўрта Осиёлик улуғ аллома Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Сарахсий ўзининг фиқҳга доир 30-жилдлик “Ал-Мабсут” асаридаги боблардан бирини инсоннинг меҳнат фаолиятига бағишлаган. Меҳнат инсон ҳаётида катта аҳамият касб этишини таъкидлар экан, ўз фикрининг далили сифатида қуйидаги ҳадиси шарифни келтиради: “ Бир куни Расулуллоҳ с.а.в. ўз саҳобалари Саъд ибн Муоз билан кўриша туриб, ул зотнинг қўллари қадоқ эканига диққатларини қаратдилар. Пайғамбарнинг қадоқ қаердан пайдо бўлди, деган саволларига жавобан саҳоба, оилани боқиш учун қилинган ҳалол меҳнат оқибатида пайдо бўлганлигини айтди. Шу чоғ Пайғамбаримиз алайҳис салом саҳобанинг қадоқли қўлларига муборак лабларини теккизиб: “Аллоҳ ва унинг Расули худди мана шундай меҳнаткаш қўлларни хурмат қиладилар”-дедилар. Яна бир ҳадис шарифда Пайғамбаримиз алайҳис салом “Деҳқончилик қилинглар, чунки у баракали касбдир”-деганлар.

Жаннатмонанд юртимизда бошланаётган деҳқончиликларимизга Аллоҳ таоло барака берсин. 

Муҳаммад Юсуф домла Тўрақулов, Олтинкўл туман бош имом-хатиби.