Ибн Хузайма қачон бир ишни бошласалар Роббисига намоз билан истихора қилар эдилар. Абу Усмон Саид бин Исмоил Ал-Хайрий айтади: Ибн Хузайма бизга ҳадис айтиб берар эди, айтар эдики: “Агар мен бир нарсани таснифлашни истасам, у менга очилгунча истихора қилардим ва кейин уни тасниф қила бошлар эдим.”

Бошларига бир мусибат келса ҳам намоз билан Аллоҳга илтижо қилар эди. Абу Аббос айтади; Муҳаммад бин Жарир, Муҳаммад бин Исҳоқ бин Хузайма, Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий ва Муҳаммад ибн Ҳорун ал-Руянийлар билан Мисрга бирга сафар қилдим. Йўлда пулларимиз тугаб, ҳеч вақомиз қолмади. Таомларимиз ҳам қолмаган эди. Бизни очлик жуда қийнар эди. Шунда тунаш учун бир уйда бир кеча қолдик.

Биз ўзаро қуръа ташлашга келишдик. Кимга қуръа тушса ўша одам дўстлари учун овқат топиб келадиган бўлди. Шундай қилиб қуръа ташланганда, қуръа Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузаймага тушди. У шерикларига: Менга озгина муҳлат беринг, таҳорат олиб, истихора намози ўқиб олсам, дедилар. Ибн Хузайма хушуъ ва хузуъ билан намоз ўқиб ҳали тугатмасдан эшик таққиллаб қолди. Қарасак, Миср волийси экан. У отидан тушиб: «Қайси бирингиз Муҳаммад бин Насрсиз?» — деди. Уни кўрсатдик. Волий ёнидан ичига эллик динор солинган халтани чиқариб унга берди.

Сўнг яна: «Қайси бирингиз Муҳаммад бин Жарир?» — деб сўради. Биз мана бу киши деб кўрсатдик. У Муҳаммад бин Жарирга ҳам эллик динор солинган халта берди. Кейин: «қайси бирингиз Муҳаммад ибн Ҳорун?» — деб сўради. Биз у кишини кўрсатдик. Унга ҳам эллик динор солинган бир халтани чиқариб берди. Сўнгра: «Сизлардан кимингиз Муҳаммад бин Исҳоқ ибн Хузаймасиз?» — деб сўради. Шунда биз: У намоз ўқияпти, дедик. Ибн Хузайма намозини тугатгач, унга ҳам эллик динорлик бир халтани бердида, сўнгра деди: «Амир туш кўрибди. Тушида бир карвон бор экан. Карвондаги энг улуғ инсонлар оч экан. Очликдан қовурғалари ёпишиб кетибди», деди. Ва мени сизларга мана бу динор солинган халталар билан юборди. Мен буни тақсимлаб бердим. Агар тугаса, менга хабар беринглар, деди.

Ибн Хузайма иймон, хушуъ ва таазарруъда тўлиб тошган эдилар. Бирор иш бошласа албатта , аввал Роббисига истихора қилар, сўнг киришар эдилар. «Сафаҳот мин собрил улама» 192 — Б.

Мақсудали домла ҚОСИМОВ,

Хужаобод туман бош имоми