Касал бўлган одамни бориб кўришнинг жуда кўп савоби ва беҳад фазилати бор. Беморни зиёрат қилиш, ундан ҳол-аҳвол сўраш, бирор етишмовчилиги бўлса кўмаклашиб юбориш мусулмон зиммасидаги зарур вазифалардан.

 Беморни зиёрат қилиш Аллоҳ таолони зиёрат қилиш билан баробар, бемор гарчи кофир бўлса ҳам ҳол сўраш жоиздир.

 Хаста кишининг зиёратига озроқ ҳадя олиб, салом билан кирилади, унга яқин ўтириб, аҳволи сўралади.

 Беморнинг бош-кўзи, манглайи, оёқ-қўлини силаб, ундан ирганмай, ҳазар қилмай, яхши сўзлар билан кўнглини кўтариб, тасалли берилади.

 Касал кўрганда дард Аллоҳнинг бир неъмати экани, бунинг шукронасига тавба-истиғфор айтиш лозимлиги унга тушунтирилади.

 Бемор ҳузурига кирганда очиқ юз, хуш кўнгил ва шафқат ила муомала қилинади, унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди.

 Касал ҳузурига янги кийим ёки кир, хунук, нопок кийимларда кирилмайди, табассум билан бориб, беморнинг бош томонида ўтирилади.

 Бемор кишидан «кўнглингиз нима тилайди?» деб сўралади. Агар у хоҳлаган нарсани айтса ва бу унга зарар қилмаса, хоҳ ўзи, хоҳ унинг орқали топиб бериш жоиз. Агар хасталик давоси билинса, башарти у ҳаром нарса бўлмаса, давоси айтилади. Бемор ётган уйда кулиш, йиғлаш, ҳар хил кинояли, оғир ботадиган, кўнгилга келадиган сўзларни айтиш мақбул эмас.Агар зарурати бўлмаса, шомдан кейин касал кўргани бормаган маъқул, чунки бунинг хосияти йўқ.

Беморни толиқтириб қўймаслик учун унинг олдида узоқ ўтириш, хасталик ҳақида эзмаланиб гапириш, билмаган нарсасини дори сифатида тавсия қилиш ярамайди. Ўзининг розилиги бўлса, бироз ўтириб, кўнглини хуш қилувчи ибратли ҳикоятлардан сўзлаб турилади. Гапи совуқ, эзма, бефаросат кишиларни бемор ёнига йўлатмаган маъқул.

Хаста киши ўз навбатида келганларга дарди ҳақида гапириб, ҳикоя қилавермаслиги, фақат сўралгандаги жавоб қайтаради. Дарди кучайган пайтда ўзига ўлим тиламай, Аллоҳга шукрона айтади.

Бемор ҳузуридан тураётганида унинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳ таолодан комил шифо сўралади ҳамда «тезда тузалиб кетасиз, иншааллоҳ», «дард ҳам бир меҳмон» каби сўзлар билан тасалли бериб хайрлашилади.

“Саййид Мухйиддин Махдум” 

ўрта махсус ислом билим юрти 

4-курс талабаси Ғофуржон ХОЛБОЕВ