Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳу айтдилар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!” – деб ўн маротаба такрор қилдилар. Шунда саҳобийлар: “Ё Расулуллоҳ, кимни айтаяпсиз?” – деб сўрашди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онасининг иккаласи ёхуд битталари кексайиб қолган вақтида (уларни рози қилмай) ўзини дўзахга тушишга мубтало қилган кишини”,­­­­­­­­­­­­­­- дедилар.

Дарҳақиқат, атрофимизга назар солсак, мазкур ҳадиснинг ҳаётий исботларига гувоҳ бўламиз. Ота-онасини эҳтиром қилиб, уларни эъзозлаб, ҳақларини тўла-тўкис адо қилиб, натижада ота-онасининг дуоларини ҳамда розиликларини олган фарзандлар қандай бахтли эканликлари кундай равшан.

Аксинча, бу улуғ зотларни ўкситиб, таҳқирлаб, натижада норозилзикларига сабаб бўлиб, уларнинг яхши дуоларини олиш ўрнига қарғишларига қолган инсонлар, афсуски, оз эмас.

Бу мавзуда сўз юритилганда саҳобийлар ҳаётига назар ташламай иложимимз йўқ. Уларнинг ахлоқлари, қилган ишлари гўзал намуна бўлиб қолаверади. Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳу шундай саҳобийлардан эдилар. У зот  бутун ҳаётлари давомида инсонларни ота-оналарини ҳурмат қилишга чақирдилар. Нафақат чақирдилар, балки бунга ўзлари ҳам амал қилиб ҳаёт кечирганлар.

Бу ҳақда у зотнинг замондошлари гувоҳлик бериб айтишади: “Абу Ҳурайра бутун умри давомида онасига катта меҳр кўрсатди. Ҳар сафар уйдан чиқар экан оналарига шундай дер эдилар: “Сизга омонлик, Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлсин!”. Оналари ҳам бунга жавобан: “Ва сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлсин!”,- дер эдилар.

Шунда у зот: “Менга кичиклигимда раҳм қилганингиз каби Аллоҳ сизни ўз раҳматига олсин!”, десалар, оналари: “Қариганимда мендан раҳматингни аямаганинг учун Аллоҳ сени ўз раҳматига олсин!” деб хайрлашар эдилар. Уйга қайтганларида ҳам шундай қилар эдилар.”

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган тўғри йўлдан юриб, саҳобаларнинг тутган йўлларини ўзларига дастуруламалга айлантириб, ота-онасини рози қилиб, уларнинг оқ фотиҳаларини олган инсонлар икки дунё саодатига эришгай, иншааллоҳ.

Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Адаб Ал-Муфрад” китобидан фондаланган ҳолда билим юрти 4-курс талабаси Мамарасулов Муҳаммадрасул тайёрлади.