Бахиллик инсонни дунёда ҳам мартабасини тушириб, охиратда ҳам кўплаб марҳаматлардан маҳрум қилиши мумкин бўлган иллатдир.

Бахиллик луғатда карамлилик ва сахийликнинг зиддидир.

Уламолар истилоҳида бахиллик бир неча хил таъриф қилинган бўлиб, улар бир-бирларини тўлдириб келади.

Журжоний дейди: «Бахиллик ўз молини ман қилишдир».

Яна: «Ҳожат тушганда ўзидан устун кўришни тарк қилиш бахиллик ҳисобланади», деган.

Ибн Ҳажар: «Бахиллик сақлаб турилган нарсадан талаб қилинганда ман қилишдир», деган.

Бахиллик шариат истилоҳида бериш лозим бўлган нафақани қилмасликдир.

Бахиллик энг ёмон хулқлардан бири ҳисобланади.

Бахилликнинг даражаси иккитадир.

  1. Ўзида бор нарсага бахиллик қилиш.
  2. Ўзгада бор нарсага бахиллик қилиш. Бу энг ёмонидир. Уни «Нисо» сурасидаги:

«Бахиллик қиладиганлар ва одамларни бахилликка буюрадиганлар», деган оятдан билиб олса ҳам бўлади.

Уламоларнинг таъкидлашларича, бахилликнинг энг ёмони кишининг ўзига ўзи бахиллик қилишидир. Кўпгина бахиллар мумсиклик қилиб молини ўзига сарфламай бемор бўлиб қолганлар. Улар даволанишга пул сарфлашдан ҳам бахиллик қиладилар.

Аллоҳ таоло «Оли Имрон сурасида: «Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир», деган (180-оят).

Ислом таълимоти бўйича, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молни унинг ҳақиқий эгаси бўлган Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади. (http://muslimaat.uz/baxillik/)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Ўтакетган бахиллик билан имон бир банданинг кўнглида жам бўла олмайди”, дедилар”.

Яна ўша зотдан ривоят қилинади:

“Сахий Аллоҳга яқиндир, одамларга яқиндир, жаннатга яқиндир, дўзахдан узоқдир. Бахил эса Аллоҳдан узоқдир, одамлардан узоқдир, жаннатдан узоқдир, дўзахга яқиндир. Аллоҳ таолога сахий жоҳил бахил обиддан суюклироқдир” (Имом Термизий).

«Албатта, Аллоҳ таоло уч нафар кишиларга ғазаб қилади, лeкин уч кишини янада қаттиқроқ ёмон кўради:

Биринчиси, фосиқни ёмон кўради, фосиқ чолни ундан ҳам ёмон кўради.

Иккинчиси, мутакаббирни ёмон кўради ва фақир бўлган мутакаббирни яна ҳам ёмон кўради.

Учинчиси, бахилларни ёмон кўради, бой бўлиб бахиллик қилганни яна ҳам ёмон кўради.

Аллоҳ уч нафар кишини яхши кўради ва унинг яхши кўриши уч киши учун янада қаттиқроқдир.

Биринчиси, тақводорларни яхши кўради, тақволи ёшларни кўпроқ яхши кўради.

Иккинчиси, сахийларни яхши кўради, фақир сахийларни кўпроқ яхши кўради.

Учинчиси, тавозуъли бўлган кишиларни яхши кўради, Бой бўлиб тавозуъли бўлганларни ундан ҳам яхши кўради».

Бир кун Али разияллоҳу анҳу йиғлаб ўтирар эди. Кўрганлар нега йиғлаётганини сўрашди. Шундай жавоб берди:

— Етти кундирки, дастурхонимга битта ҳам меҳмон келмади. Аллоҳнинг назарида эътибордан қолганга ўхшайман. Шундан қўрқиб йиғлаяпман.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“Ким Аллоҳнинг розилиги учун бир очни тўйғазса, унинг учун жаннат вожибдир. Кимки бир очнинг тамадди қилишйга монелик қилса, Аллоҳ қиёмат куни ундан фазилатини олиб қўяди ва уни азоблайди”.

 “Танбеҳул ғофилин”, “Бўстонул орифин” ва “Мукошафтул қулуб” китоблари асосида тайёрланди

Абобакр домла СУЛАЙМОНОВ,

Марҳамат туманидаги

“Марҳамат” жоме масжиди имом хатиби