Дунё бўйлаб тарқалган коронавирус эпидемияси бутун дунё халқларини ташвишга солиб қўйди. Кўп қатори бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Бошқа мамлакатларга солиштирганимизда бизнинг юртимиздаги ҳолат анчагина яхши.

Кўплаб беморлар бутунлай соғайиб кетди. Эпидемия тарқалишининг олди олинмоқда. Бунда Юртбошимиз бошчилигида барча чора-тадбирлар қўлланилмоқда. Булар ҳаммаси халқимиз осойишталиги учун. Коронавирусни қанчалик тез енга олсак, шунча тез ҳаётимиз ўз маромига тушиши ҳаммага маълум.

Лекин айрим ўринларда баъзи кимсалар томонида карантин қоидалари бузилиши кузатилмоқда. Бу эса ўз қўлимиз билан ўз бошимизга кулфат чорлашдан ўзга нарса эмас.

Азизлар! Оддийгина қоидаларга – ниқоб тақиш, қўлни тоза тутиш, заруратсиз кўчага чиқмаслик каби тартиб-интизомларга риоя қилайлик, шоядки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло офатни тезроқ кўтарса.

Яна бир эслатма. Бугун оқибат пайти. Одамлар бир-бирларига меҳру-оқибатини намоён қиладиган пайт. Бироқ шундай дамда дунё манфаати учун ўз биродарининг ожизлигидан фойдаланиб, нархни кўтариб олиш имонли кишининг иши эмас.

Айниқса энг зарур дори-дармонларнинг нархини кўтариб олган кимсалар эртага халқнинг қаҳрига дучор бўлишдан қўрқсинлар. Эртани ўйлайлик. Бу кунлар ўтиб кетар. Меҳр оқибат йўқолмасин.

Ҳусанбой домла Сотволдиев,

Асака тумани “Икром ҳожи” жоме

масжиди имом-хатиби