Солиҳлардан бири: Аллоҳга қасам! Арафа куни бирор дуо қилсам, бир йил ўтмасидан туриб уни худди тонгни ёришгани каби амалга ошганини кўрдим», деб айтди.

Солиҳ салафлар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эди. Қанчадан қанча орзу-умидлар ва дуолар арафа куни оқшомида ижобат қилинган. Рамазон ойидаги қадр кеча қайси кунлиги аниқ бўлмагани учун уни билмаймиз. Аммо Зулҳижжанинг Арафа куни ҳақида Аллоҳ бизга аниқ хабар бериб қўйган. Шундай имконият бўлса ҳам камчиликка йўл қўямизми?

Агар арафа кунининг оқшомида ўзинг билан ўзинг холи қолиш имкони бўлса, яъни холи қолиб дуо қилиш имкони бўлса уни амалга ошир. У аср намозидан то шом намозининг азонигача бўлган фурсат оралиғидадир.

Шайхул Азҳар Аҳмад Тоййиб ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Арафа куни Дунё ҳаётидаги энг афзал кунлардандир. Бу кунда раҳматлар ёғилади. Аллоҳ таоло Арафа аҳли билан фаришталар олдида фахрланади. Шундай экан бу куннинг фазилатини ғанимат билиб, уни зикр, дуо, намоз, рўза ва ибодатларни кўпайтириш, фақиру муҳтожлар қалбига хурсандчилик киргазиш билан ўтказайлик!”

Ато раҳимаҳуллоҳ айтади: «Арафа куни кечга бориб холи қолиш имкони бўлса, шундай қил».

Аллоҳ ҳаммамизга иложи бўлса, холи қолиб, иложи бўлмаса, оиламиз, яқинларимиз даврасида дил-дилимиздан дуо қилишни насиб айласин.

«Энг яхши дуо арафа кунидаги дуо…», деган Пайғамбар алайҳиссалом.

Арафа кунининг дуоси

لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

«Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайˋин қодийр».

Маъноси: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У ёлғиз, Унинг шериги ҳам йўқ, бутун мулк Уники, ҳамд ҳам Унга хос ва У ҳар бир нарсага қодирдир.

Юқоридаги Арафа дуосини айтгандан сўнг дунё-охиратга оид барча эҳтиёжлар Аллоҳдан сўралади.

Аллоҳ дуоингизни қабул қилсин!

Манбалар асосида


Баҳриддин домла ЯКУБОВ,

Шаҳрихон тумани «Қора-кўрпа»

масжиди имом-хатиби