Маълумингизким, мусулмонларнинг энг катта байрамларидан бири бўлмиш, Қурбон ҳайити яқинлашиб келмоқда. Табиийки, бундай пайтда одамларнинг орасида қурбонликка тегишли бўлган турли хил саволлар кўпайиб боради. Шундан келиб чиқиб, қурбонлик қилишга тааллуқли бўлган баьзи масалаларни баён қилиб ўтишни ўзимизга лозим топдик.

Қурбонлик – Қурбон ҳайити кунлари Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун, махсус шартлар билан, махсус ҳайвонларни сўйишдир.

Қурбонлик қилишнинг ҳикматлари кўп бўлиб, улардан бири, Аллоҳ таолонинг саноқсиз неьматларига шукр қилиш ва Аллоҳнинг пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларини иҳё қилишдир.

Қурбонлик қилиш ҳанафий мазҳаби бўйича ҳур, оқил, муқим ва закот нисобидаги молга эгадор бўлган кимсага вожибдир. Қурбонликнинг вожиблигига далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир:

“1. Албатта Биз сенга Кавсарни бердик. 2. Бас, Роббинга намоз ўқи ва жонлиқ сўй” .              “Кавсар” сураси: 1-2 оятлар.

Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги “намоз”дан мурод-Қурбон ҳайити намози, “жонлиқ”дан мурод-қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.

Қурбонликка сўйиладиган ҳайвонлар – эчки, қўй, қорамол ва туядир. Битта эчки ёки битта қўй бир киши номидан сўйилади. Қорамол ва туяни эса етти кишигача шерик бўлиб сўйиш мумкин. Қорамол ёки туяни шерик бўлиб сўйилганда, улушлар тенг тақсимланиши ва ҳар бирининг нийяти бир хил, яьни, қурбонлик қилиш бўлиши шарт.

Қурбонликка сўйиладиган ҳайвонларнинг ёши – эчки ва қўйдан бўлса, бир ёш, қорамолдан бўлса, икки ёш, туядан бўлса беш ёш бўлиши керак.

Қурбонликка сўйиладиган ҳайвон имкон қадар семиз, катта, чиройли ва нуқсонлардан ҳоли бўлиши керак. Агар ўта озғин, ўзи юра олмайдиган даражада чўлоқ бўлса, шунингдек, қулоғи, кўзи ва думбасининг учдан бири кетган бўлса, бундай ҳайвонларни қурбонликка сўйиб бўлмайди.

Қурбонлик қилишнинг вақти – ийд намози ўқилганидан бошлаб, учинчи ҳайит куннинг қуёши ботишигачадир. Бу йилги Қурбон ҳайити намози пандемия сабаб ўқилмаслиги тўғрисида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг фатвоси эьлон қилинди. Бундай ҳолатда эса ҳанафий уламоларимиз бомдод намози ўқилгандан бошлаб қурбонлик қилишни жоиз санаганлар. Шунинг учун бу йил Қурбон ҳайити куни бомдод намозини ўқиб бўлгандан сўнг қурбонлик қилишни бошлаймиз. Аллоҳ таоло барчаларимизни қиладиган қурбонликларимизни қабул айласин!

Нодирбек домла КЕНЖАЕВ

Андижон шаҳар “Бобо Таваккул”

жоме масжиди имом-хатиби